Хоразмда банк ғазнасини ўмарган шахс 11 йилга қамалди
Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судида 1990 йилда Қўшкўпир туманида туғилган, оилали, олий маълумотга эга Ш. исмли фуқарога тааллуқли иш кўриб чиқилди.
Маълум бўлишича, судланувчи дастлаб, 2020 йил 11 июль куни фирибгарлик жиноятини содир этган. Урганч шаҳридаги кафелардан бирида У.Қ. билан учрашиб, ўғлини Урганч давлат университетига 1000 АҚШ доллари эвазига киритишига ишонтириб, пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
2020 йил 30 октябрь куни эса олдиндан режа қилиб юрган босқинчилик жиноятини содир этган. У «Халқ банки» қошидаги «Тинчлик» банк хизматлари маркази биноси ёнига бориб, марказ бошлиғига қўнғироқ қилиб, ўзини банк соҳаси бўйича ДХХ вилоят бошқармаси масъул ходими деб таништириб, жиноий ҳаракатлари ошкор бўлиб қолмаслиги учун ўзгача шевада гапириб, ёрдамчиси билан тезда ДХХ вилоят бошқармаси биноси олдига келишини айтган.
Бошлиқ ва ёрдамчи бинодан чиқиб кетганидан сўнг, бинога мижоз сифатида кириб, ғазначи аёл И.нинг ёлғиз қолганидан фойдаланиб, унга ҳужум қилиб, бошини темир сейфга уриб тан жароҳатлари етказган.
Сўнгра 21 минг АҚШ доллари ва 20,8 млн сўм пулларни, ҳамда И.нинг қиймати 2,2 млн сўмлик телефон аппаратини қўлга киритиб, жами 241,5 млн сўм пулларни босқинчилик йўли билан эгаллаб, ҳодиса содир бўлган жойдан яширинган.
Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судида кўриб чиқилган ишда барча далиллар ўрганилиб, томонларнинг кўрсатмаси эшитилиб, Ш. Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан айбдор деб топилди ва узил-кесил 11 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Мавзуга оид
13:58 / 25.10.2024
«Пойтахтбанк» БАА компанияси ихтиёрига ўтди
21:13 / 21.10.2024
Россияда банкнинг собиқ раҳбари ўзига 3 млрд рубл кредит ажратиб, Монакога қочиб кетди
11:30 / 17.10.2024
Тошкентда 3 минг доллар эвазига банкдан 100 минг доллар олиб беришни ваъда қилган шахс ушланди
12:10 / 03.10.2024