Жаҳон | 12:19 / 18.04.2021
16914
3 дақиқада ўқилади

Фото: Виндзорда шаҳзода Филипп билан видолашув маросими ўтказилди

Буюк Британияда қиролича Елизавета IIнинг 9 апрел куни вафот этган турмуш ўртоғи шаҳзода Филиппнинг дафн маросими бўлиб ўтди. Шаҳзоданинг жасади солинган тобут Виндзор қалъасидан авлиё Георгий ибодатхонасига олиб борилди. Тобут ортидан қироллик хонадони аъзолари юриб боришди. Коронавирус туфайли черковдаги дафн маросимида иштирок этувчилар сони чекланди.

Hannah McKay / Reuters / Scanpix / LETA

Буюк Британияда Елизавета IIнинг турмуш ўртоғи, Эдинбург герцоги, шаҳзода Филиппни дафн этиш маросими бўлиб ўтди. Телевидениеда маросим жонли трансляция қилинди. Герцогнинг танаси солинган тобут қироллик хонадонининг Виндзор қалъаси яқинида жойлашган шахсий ибодатхонаси - авлиё Георгий бутхонасига олиб борилди. Дафн маросими вақтида тобут ортидан саройдаги юқори мартабали амалдорлар ҳамда қироллик оиласи аъзолари юриб боришди: герцогнинг фарзандлари шаҳзода Чарльз, Эндрю, Эдвард ва малика Анна, шунингдек, герцогнинг катта набиралари шаҳзода Уильям ва Ҳарри.

Қиролича Bentley State Limousine автомобилида ортдан борди.

Бутхонага тобут Land Rover Defender 130 автомобилида олиб борилди. Герцог шахсан уни дафн маросимлари учун мослаштирганди. Британиядаги Land Rover компанияси Defender 130 автомобилини 2003 йилда ишлаб чиқарган. Ўша йилда герцог уни ўз дафн маросими учун мослаштиришга киришган. У дизайнга сўнгги ўзгартиришни 2019 йилда киритган. Хусусан, герцогнинг илтимосига кўра, автомобиль «армияча» яшил рангга бўялган, унинг кузови очиқ қолдирилган ва тобут ташиш учун махсус таянч ўрнатилган.

Герцог билан видолашув маросимида юзлаб ҳарбий хизматчилар иштирок этишди. Улар орасида шаҳзода Филипп хизмат қилган Буюк Британия қироллик ҳарбий-денгиз флоти вакиллари, шунингдек, Шотландия гвардия полклари ҳамда қироллик ҳарбий-ҳаво кучлари вакиллари бор эди.

Қироллик отлиқ артиллерияси маросим вақтида тўплардан ўқ узди. Шаҳзоданинг тобути устига унинг шахсий штандарти (байроғи), қиличи ва флотдаги фуражкаси қўйилди.

Jonathan Brady / Reuters / Scanpix / LETA

Коронавирус пандемияси туфайли черковдаги маросимда фақат 30 киши иштирок этишига рухсат этилди. Виндзор декани ва Кентерберий архиепископидан ташқари, иштирокчилар орасида фақат марҳумнинг оила аъзолари ва яқин дўстлари бор эди.

Маросимда герцогнинг набиралари (ҳаддан ташқари кичик бўлгани учун) ва шаҳзода Ҳаррининг рафиқаси Меган Маркл (ҳомиладорлиги туфайли шифокорлар унга АҚШдан учишга рухсат беришмади) қатнаша олмади. Жанозадан кейин герцогнинг танаси солинган тобут қироллик ҳилхонасига қўйилди.

Шаҳзода Филипп 9 апрел куни 99 ёшида вафот этганди. У ўзининг юз йиллик юбилейини кўра олмади (бунга икки ой вақт қолганди). Унинг ўлимидан кейин мамлакатда саккиз кунлик умуммиллий мотам, қироллик хонадони аъзолари учун эса 14 кунлик мотам эълон қилинди. Шаҳзода Филипп вафот этган кун Британиядаги телеканаллар ўз дастурини ўзгартирди. «Би-би-си»га герцогнинг вафоти кенг ёритилгани учун рекорд даражада шикоят келиб тушган — 100 мингдан ортиқ британияликлар эфир фақат бир мавзу билан тўлиб кетганидан норози бўлишган.

Мавзуга оид