Ўзбекистон | 11:21 / 20.04.2021
33468
3 дақиқада ўқилади

Метрода тўй қилганларнинг ҳар бири қарийб 1 млн сўмдан жарима тўлайди

ИИВнинг хабар беришича, Тошкент метрополитенида жамоат тартибини бузган ҳолда тўй қилиб, уни ижтимоий тармоқларга жойлаган шахсларга нисбатан чора кўрилган.

Вазирлик матбуот хизматининг баёнотида Тошкент метрополитенида расм ва видеога олиш тақиқланмаган, аммо бу жамоат тартиб-қоидаларини бузмаган ҳолда амалга оширилиши кераклиги таъкидланади. Қайд этилишича, метрога овқат олиб кириш мумкин, лекин уни истеъмол қилиш мумкин эмас. Жамоат жойида аҳоли тинчлигини бузиш ҳамда карантин тартиби кучайган вақтда тиббий ниқобларсиз оралиқ масофани сақламай юриш ҳам мумкин эмас.

Метро вагонида видео олганлар юқоридаги қоидаларни бузишда айбланиб, сўроққа чақиртирилган.

«Метрода расмга тушиш, видеога олиш мумкинми деб сўраганимизда мумкинлигини айтишган. Лекин вагон ичида ош есак бўлади деб сўрамаганмиз. Съёмка қилсак бўладими деб сўраганмиз. Юрист бўлмаганим учун бу ишимиз нотўғри эканига ич-ичигача қизиқиб кўрмаганман. Юзаки биламан кўп нарсани. Лекин бу даражага етишини ҳеч ким – жамоамиздагилар ҳам, ўзим ҳам кутмаган эдик. Қилган ишимиздан афсусдамиз. Бизларни кўриб кимдир метрода яна нимадир уюштирмасин. Бу яхши оқибатларга олиб келмас экан», дейди жаримага тортилганлардан бири.

Қоидабузарларнинг ҳар бирига нисбатан жиноят ишлари бўйича Яшнобод ва Мирзо Улуғбек туманлари судлари томонидан Маъмурий жавобгарлик бўйича кодекснинг 183- (майда безорилик), 54- (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) ва 115-моддаларига (метрополитендан фойдаланиш қоидаларини бузиш) асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баробари (980 минг сўм) миқдорида жарима тайинланди.

Аввалроқ интернетда бир гуруҳ ёшларнинг Тошкент метроси вагонларида келинсалом маросими, хонтахта атрофидаги ошхўрлик саҳналари акс этган видеолари тарқалган, Транспорт вазирлиги айни пайтда ушбу томошани уюштирган ёшларнинг шахслари аниқлаштирилаётгани, улар албатта жавобгарликка тортилишини билдирган эди.

2021 йилнинг январида Тошкент метросида номаълум ўсмирларнинг вагон юқоридаги ушлагичларига оёқлари билан осилиб туриб, ғалати овоз билан бақираётгани акс этган видео тарқалган, тергов жараёнида улар Юнусобод туманидаги 105-мактаб ўқувчилари экани аниқланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 115-моддасига биноан жазоланишганди.

2020 йилнинг декабрида Гулистон шаҳри марказидаги чорраҳада рақсга тушган “ТикТокчилар” 4 суткага қамалгани хабар қилинганди.

Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистонда ҳам катта тезликда оммалашаётган TikTok ижтимоий тармоғида аудитория орттириш учун жамоат жойларида турли масхараомуз ва беодоб видеолар олаётган тиктокерларни маъмурий жавобгарликдан огоҳлантирган эди.

Мавзуга оид