Собиқ полициячи Дерек Шовин Жорж Флойднинг ўлимида айбдор деб топилди
АҚШнинг Миннеаполис шаҳри судида собиқ полициячи Дерек Шовин афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлимида айбдор деб топилди. Флойд 2020 йил май ойида Шовин унга нисбатан қўллаган зўравонлик оқибатида вафот этганди.
Барча 12 нафар ҳукм чиқарувчи собиқ полициячини унга қўйилган барча моддалар – иккинчи даражали қотиллик, иккинчи даражали қасддан содир этилмаган қотиллик ва учинчи даражали қотиллик моддалари бўйича айбдор деб топишган. Бу моддалар бўйича 40 йилгача озодликдан маҳрум этиш кўзда тутилган.
Шовин суд вақтида расман озодликда бўлган. У айбдор деб топилгач, қўлларига кишан солинган ҳолда суд залидан олиб чиқилиб, қамоқхонага жўнатилган. Собиқ полициячи бу ерда унга жазо тайинланишини кутади. Таъкидланишича, якуний ҳукм 2 ойдан кейин чиқарилади.
Шовин айбдор деб топилгач, Флойднинг оила аъзолари баёнот бериб, унда чиқарилган айблов хулосаси нафақат Миннеаполис ташқарисига чиқишини, балки мамлакат ва ҳаттоки бутун дунё учун муҳим аҳамиятга эгалигини айтишган.
Суд жараёни вақтида суд биноси атрофи бетон тўсиқлар ва тиканли сим билан ўраб олинган. Миллий гвардия кучлари тартиб сақланишини таъминлаган.
Шовин айбдор деб эълон қилингач, АҚШ президенти Жо Байден ва вице-президент Камала Ҳаррис Флойднинг оила аъзоларига қўнғироқ қилишган.
«Барчамиз енгил тортдик. Барча уч модда бўйича айбдор деб топилди. Бу ҳақиқатда муҳимдир. Биз бундан ҳам кўпроғини қилмоқчимиз», – деб айтган Байден суҳбат вақтида.
46 ёшли Жорж Флойд полиция томонидан қўлга олиниши вақтида қўлланган зўравонлик оқибатида вафот этганди. Собиқ полициячи Дерек Шовин Флойд бўғилаётганини айтишига қарамасдан, 8 дақиқадан кўпроқ унинг бўйнини тиззаси билан босиб тургандан кейин ҳушини йўқотган. Кейинроқ шифохонада унинг ўлгани қайд қилинган. Флойднинг ўлими АҚШда ирқчиликка қарши Black Lives Matter деб ном олган норозилик намойишлари авж олишига олиб келган. Кўп ҳолатларда намойишлар мародёрлик ва тартибсизликлар билан кечган.
АҚШдаги намойишлар бошқа бир қатор давлатларда ҳам полиция зўравонлиги ва ирқчиликка қарши намойишлар бошланишига туртки бўлган.
Мавзуга оид
22:03 / 12.11.2024
АҚШ ҳукумати НУЖ бўйича баъзи маълумотларни ошкор қилиши мумкин
16:55 / 12.11.2024
Трамп миллионлаб мигрантларни депортация қилишни режалаштирмоқда — ОАВ
09:15 / 12.11.2024
АҚШ Сурияда эронпараст гуруҳлар объектларига зарба берди
16:42 / 11.11.2024