Ўзбекистон | 07:54 / 22.04.2021
7721
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси қарийб 34,7 миллионга етди

2021 йил 1 апрел ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 34 695 600 кишини ташкил этди. Аҳоли сони йил бошидан буён 136 700 кишига ёки 0,4 фоизга кўпайди.

Статқўм ахборотига кўра, республикада шаҳар аҳолиси сони 17 581 600 кишини (жами аҳолининг 50,7 фоизи), қишлоқ аҳолиси сони 17 114 000 киши (49,3 фоиз)ни ташкил этмоқда.

Ҳудудларнинг республика жами аҳолиси сонидаги улуши бўйича энг кўп кўрсаткич Самарқанд вилоятида (11,4 фоиз) кузатилган. Кейинги ўринларда Фарғона (11,1 фоиз), Қашқадарё 9,6 (фоиз) ва Андижон (9,2 фоиз) вилоятлари қайд этилган.

Шунингдек, 1 апрел ҳолатига республика доимий аҳолиси сонининг 31 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 58,2 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ва 10,8 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар ҳиссасига тўғри келмоқда.

2021 йил биринчи чорагида Ўзбекистонда 179 800 нафар бола туғилди ва чақалоқлар сони ўтган йилгига нисбатан 0,9 промиллега ошди.

Доимий аҳоли сони йил охиригача 35 миллиондан ошиши кутилмоқда.

Ўлим даражаси 0,2 промиллега ошди

2021 йилнинг январ-март ойларида Ўзбекистонда 39 600 та ўлим қайд этилди. Ҳар минг аҳолига ўлим коэффициенти 4,6 промиллени ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 0,2 промиллега ошгани кузатилди.

2021 йилнинг январ-март ойларида ҳар минг аҳолига нисбатан энг кўп ўлим ҳолати Тошкент шаҳрида (5,8 промилле) кузатилди. Энг кам вафот этиш ҳолатлари эса Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида (4,1 промилле) аниқланди.

Ўтган 3 ойда қайд этилган ўлим ҳолатлари:

  • 60,9 фоизи – қон айланиш тизими касалликлари;
  • 9,4 фоизи – ўсимталар;
  • 5,7 фоизи – бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлар;
  • 5,1 фоизи – овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари;
  • 4,7 фоизи – нафас олиш аъзолари касалликлари;
  • 2,1 фоизи – юқумли ва паразитар касалликлар;
  • 12,1 фоизи эса бошқа касалликлар сабаб юз берган.

Рўйхатга олинган бир ёшгача вафот этган болаларнинг 56,4 фоизи перинатал даврда юзага келадиган ҳолатлардан, 18,3 фоизи нафас олиш аъзолари касалликлари, 13,1 фоизи туғма аномалиялар, 3,6 фоизи юқумли ва паразитар касалликлар, 2,1 фоизи бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлар, 0,9 фоизи овқат ҳазм қилиш аъзолари ва 5,6 фоизи бошқа касалликлардан вафот этган.

Мавзуга оид