Ўзбекистон | 15:44 / 24.04.2021
84880
13 дақиқада ўқилади

«Москва «мафия»сидан 500 доллар ҳақимни ундирдим» — мусофирликдаги ўзбек ҳикояси

Мусофирчиликдаги ўзбеклар орасида Бахтиёр Турсун номи анча машҳур. Асли касби хонадонларни таъмирловчи уста бўлган самарқандлик юртдошимиз хорижда бошидан кечирганларини қоғозга тушириб, ижтимоий тармоқларда эълон қилиб туради. Унинг қаламига мансуб қуйидаги ҳаётий ҳикоя Kun.uz муштарийларига ҳам қизиқарли бўлади, деган умиддамиз.

Фото: KUN.UZ

Телефонимни ковлаб «Олег дев» дея сақлаб қўйилган рақам эгасини излаб топиб, яшил тугмачани босдим. Уч-тўрт марта «тут-тут» қилгач, у томондан овоз келди.

– Алло, эшитаман.

– Салом Олег, мен Бахаман, танидингми? – дедим. У исмимни тўлиқ айтишга қийналиб, доим Баха деб чақирарди.

– Салом Баха, қандайсан? – деди гарчи мени рақамимдан таниган бўлса-да, худди исмимни айтмагунимча танимагандек.

– Яхши раҳмат, Олег қолган пулимизни қачон берасан? – Дарров мақсадга ўтиб қўя қолдим, гапни чўзиб ўтирмасдан.

– Қанақа пул? Сен билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилмаганмидик? – ўзини гўлликка солиб бошлади у кутилмаганда.

– Йўқ, тўлиқ узмагандинг пулимизни, ўттиз минг рубл қолганди, уйингнинг ички таъмирлаш ишларини тўлиқ тугатиб чиқиб кетаётган кунимиз, «кейинги ҳафтада картангга ташлаб юбораман, ўзинг кўрдинг, бу таъмирлаш ишлари менга қимматга тушиб кетди, бир оз пулдан қийналиб қолдим» дегандинг. Ўшандан буён тўрт ҳафта ўтди, ҳар сафар кейинги ҳафтада пул бўлади, деяпсан, мана яна айтилган вақт келди, энди нима дейсан? – дедим.

У томонда бир фурсат жимликдан сўнг:

– Пул йўқ дейман, бошқа бир тийин бермайман, тамом!

Тўғриси ундан бу жавобни кутмаган эдим. Уч ойга яқин уйида ишладик, анча яқиндан танишиб қолган эдик, уйида ишимизни тугатиб кетаётган кунимиз ёнимдаги икки шеригим «ҳозир тўлиқ олиб кетмасак пулни кейин бермайди, «следующий недели»си кўп буларни ҳозир олиш керак», дейишди. Мен бўлсам, Олег алдайдиган одам эмас, дебман-да, мана энди очиқдан-очиқ бермайман деб ўтирибди. Нима дейишимни билмай бир оз шошиб қолдим.

– Ахир сўз бергансан, бу пул бизнинг меҳнат ҳаққимиз, нега бермайсан?!

– Ишларинг чала бўлган, сифатсиз қилгансизлар!

– Ёлғон, биз ишимизни тугатгунча, эр-хотин ҳар куни келиб текшириб турдинглар. Ишни топшираётган кунимизда ҳам, қайта-қайта сўрадим, ишимиз сизларга ёқдими? Бирор камчилиги бўлса кўрсатинглар, айтинглар дедим. Сен ҳам, хотининг Мария ҳам «ишларинг жудаям зўр, роса чиройли чиқди ҳамма жойи, бизга ёқди», дея роса раҳматлар айтдинглар. Камчилиги бўлса, ҳозир бораман кўрсат, тўғрилайман.

– Хуллас пул йўқ, менга қайтиб телефон қилиб ўтирма, уйимга ҳам келма.  Қўлингдан келса тортиб ол, мени биласан Москвада фақат иккита одамдан қўрқаман, пул ҳақидаги гапни унут! – у шундай дея телефонни ўчирди.

Шокка тушдим, кутмагандим вазият бунақа бўлишини. Олегнинг Москва марказига яқин жойда, кўп қаватли янги қурилган уйларда жойлашган уч хонали уйини уч киши уч ойга яқин ички таъмирлаш ишларини бажаргандик. Уй эгалари оилавий, шаҳардан унча узоқ бўлмаган дала ҳовлисига вақтинча кўчиб кетди. Биз уй таъмирини тугатгунимизча ҳар ҳафта, хотини ва ўғлини олиб келиб бир хабар олиб кетарди. Қурилишга бирор материал керак бўлиб қолса, Олег билан бирга машинасида бориб, буюртма бериб келамиз. Бўйи нақд икки метр келадиган, гавдаси энига ҳам, менга ўхшаган икки одамни орқасига яширса кўринмай қоладиган бу одамни, биринчи кўрганимдаёқ, «дев-ку бу» деб ўйлагандим. Доимо сочини устарада олдириб юриши, кўринишини янада баҳайбат кўрсатади. Телефонимга ҳам шунинг учун «Олег дев» дея рақамини сақлаб қўйганман.

Шу уч ой ичида неча марта бирга қурилиш материаллари сотиладиган бозорга бордик, аниқ эсимда йўқ, аммо кўп бирга бордик. Машинаси ҳам девлар минадиган қиммат баҳо машиналардан «BMV» русумли автонинг энг сўнгги чиққан маркаларидан. Ўзининг айтишича, Мария унинг иккинчи хотини, биринчи хотинидан икки қизи бор, анча йиллар олдин ажрашишган.

«Марияни севиб қолдим, аммо у менга пулим учун, мансабим, обрўйим учун турмушга чиққан, буни биламан, агар қўлимда мол-давлатим, кучим бўлмаса ўн саккиз ёшли қиз қирқ икки ёшли менга тегармиди. Мана ўн йилдан буён бирга бахтли яшаяпмиз. Ўғлимиз бор, кўргансан». 

Ҳақиқатдан ҳам ҳали ўттизга ҳам кирмаган Мария, Олегнинг ёнида қизидек бўлиб кўринади. Чиройи ва қадди-қомати фотомоделларга ўхшайди. У бу гапларни йўлда, қурилиш материаллари сотиладиган бозорга бориб қайтгунимизча айтарди.

Пул одамни шунақа қутуртириб юборар эканми, катта йўлда кетаётганимизда олдимиздан қувиб ўтаётган машиналардан бирортаси салгина ножўя ҳаракат қилса, бақириб сўкиниб кетади, дарров машина олд қутисидан тўппончасини олиб, отиб ташлайманга тушади. Биринчи марта унинг қўлида тўппонча кўрганимда капалагим учиб кетганди, нима балога дуч келдим, мафиями бу, дея. Яхшиямки, бу тўппончанинг отилганини кўрмадим. Аммо доимо осмондан келиб гапиради у.

«Москванинг энг зўрларидан бириман мен, бу шаҳарда мен қўрқадиган иккита одам бор, бошқа ҳеч кимдан қўрқмайман» деяверади. Одатда зўрлар индамай юрарди, бунақа мақтанчоқ бўлмасди, ёки русларда бошқачамикан, деб қўяман. Бошида юрагимга қўрқув тушди, бу бақироқ эртага иш битгач пулимизни бермай қўйса-чи, бирор нима десам, машина қутисидан тўппончасини олиб пешонамга тираса-чи, дея.  

Ўн беш кунча ишлаганимиздан кейин, таваккал, аванс, дея каттароқ пул сўраб кўраман, берса яхши, ишни давом эттирамиз, бермаса, ўн беш кунлик ишга куйдик, аста ташлаб, кетиб юборамиз, деган хаёлда ундан пул сўрадим.

– Пулдан муаммо йўқ Баха, сен хавотир олма, – дея сўраган пулимга озроқ қўшиб ҳам берди.

Кўнглим хотиржам бўлди. Кейинги сафар ҳам, пул сўраган вақтимда бир оғиз сўз демасдан бериб турди. Энди охирига келганда, унинг учун арзимас пул бўлган ўттиз мингни бермайман, деб ўтирибди очиқчасига. 

Ўша куни кечаси билан уйқум келмади. Мусофирчиликда ҳамма нарсани кўрдик, фирмада ишлаганимизда кўп пулларимиз қолиб кетди, алдандик, ўзимизникилар алдашди. Ишлайвериб, кўравериб одам аста-секин пишиб бораверар экан, охирги вақтларда асосан шахсий уйларнинг ички таъмири билан шуғулландик.

Тўғридан тўғри, ўртага одам қўймасдан, уй эгалари бўлган русларнинг ўзи билан гаплашилса, алданиш йўқ бу ишда. Аммо.. Мен ишониб алдамайди, деб юрган Олег дев шунақа қилиб ўтирибди. Додимни кимга айтаман энди? У дев бу жойнинг полициячиларидан қўрқмайди аниқ, ўзим бунинг гувоҳи бўлганман. Бир марта қўшнилар қаттиқ шовқин қилишяпти, дея устимиздан шикоят қилишибди. Илож қанча, қурилишда перфоратор ишлатмаса бўлмаса. Хуллас участка нозири бир ҳамкасби билан келиб, мен ва икки шеригимни олиб кетишди. Полиция бўлинмасида ўтириб Олегга телефон қилдим, вазиятни айтдим. Бир соатга қолмасдан етиб келди ва бутун бўлинмани оёққа турғазиб юборди. Участка нозирини шунақа сўкди, бутунбошли полиция бўлинмасида битта зўр чиқиб нима қиляпсан, дея олмади. 

Ўйлаб ўйимга ета олмадим, бошим оғриб, умуман уйқум келмади. Ўттиз минг рубл, беш юз доллар дегани. Агар бу пулни ола олмасам, ёнимдаги икки шеригимга ўзим ишлаб беришим керак. Ўзим ўн мингга куйганим етмагандек бу икковига ҳар бирига ўн мингдан ҳозир ишлаётган жойимиздан чиқариб беришим зарур.

Бизникилар шунақа, агар бирор жойда пулимизни ололмай қолсак, мен сен билан гаплашганман, менга фарқи йўқ, у берадими-йўқми, уёғи сенинг ишинг. Пулимни топиб берасан, ёки Ўзбекистонда сени судга бераман, деб туриб олганларга бир икки марта ишлаб ҳам берганман. Хуллас, тўртта одамни ишонтириб ишга олиб, бошқариш масъулиятли иш экан жудаям.

Олег девнинг олдига тўғри борсаммикан, юзма-юз бўлсак берар... Тўртта барзангига айттириб, ўласи қилиб калтаклаб, кимсасиз ўрмонга олиб бориб ташласа-чи, бу жойда мени ким излайди, дея юракка қўрқув ҳам тушади. Нима қилсам экан? Ўттиз минг оламан, деб девга қарши чиқаман, деб ўлиб кетсам-чи... Хаёлга нималар келмайди-ей, ухласанг-чи, эрталабга бир гап бўлар дейман ўзимга ўзим.

Тонг саҳарга яқин кўзим илинибди. Уч соатча ухлаб, каллам яхши ишлайдиган бўлиб уйғондим шекилли, юз қўлимни ювдим-у, девга телефон қилдим. Биринчи галдагисида кўтармади, иккинчисида кўтарди яхшиям.

– Нима дейсан? Мен сенга телефон қилма дегандим-ку, – деди мен гапирар гапирмас.

– Олег, мени диққат билан эшит, сен кўп айтасан-ку, Москвада фақат иккита одамдан қўрқаман деб, кимлар улар?

– Шу пайтда нимага керак сенга бу? Ёки ростдан ҳам уларнинг олдига бормоқчимисан? – у шундай дея хохолаб кулди.

– Сен айт-чи аввал.

– Исмини айтишим шартми, биттаси Москва шаҳрининг энг каттаси, иккинчиси Россиянинг энг каттаси.

– Сен қўрқадиган учинчи одам ҳам бор экан, агар шу бугун пулимни картамга ташламасанг, ўша одамга айтаман.

Аввалига роса кулди, кейин сўради.

– Ким экан мени қўрқитадиган ўша одам?

– Хотининг Мария!

– А... Мен Мариядан қўрқар эканманми? Кейин пулингни мендан Мария олиб берар эканми? – яна кулди у маза қилиб.

– Мени эшитсанг биласан нега қўрқишингни, сен учун арзимас бўлган пул учун оиланг бузилишини истамасанг керак. Эсингдами, машинангда қурилиш материаллари сотиладиган бозорга кетаётган вақтимизда менга айтган гапларинг.

«Баха битта илтимос бор, бир иш қилиш керак. Буни фақат сен ва мен билишимиз керак. Ҳатто шерикларинг ҳам билмасин, айниқса Мария умуман билмаслиги керак, агар у билиб қолса, сен менга ишонмасдан, мени пойлаб юрибсанми, дея расвойимни чиқаради, у ҳамма сирларимни билади. Шунинг учун бу сир бўлиши керак. Ҳозир бозордан уч дона кичкина камера оламиз. Яъни яширин камера, уйнинг уч жойига ўрнатасан, ётоқхонамизга, катта эшикдан кирган жойда залга ва ошхонамизга. Биласан мен сафарларда юришим кўп, Мария ҳали ёш, чиройли, ўйнаб кулгиси келади. Тўғриси, унга ишонмаяпман, менга хиёнат қилиши мумкин. Ҳар қадамини кузатишим керак. Илтимос сендан, бу сир шу камераларни ҳеч ким билмайдиган қилиб ўрнатиб кет», дегандинг, ўша камералар ҳозирда уйингда ишлаб турибди. Буни фақат иккимиз биламиз. Мария ҳам билса нима бўлар экан а? – дедим. 

– Сен… сен... ахир сўз бергансан ҳеч кимга айтмайман деб, эркак киши сўзида туриши керак. Сени топиб олсам нима қиламан, биласанми?! 

– Топа олмайсанда, мен ҳозир аэропортда ўтирибман, тез орада учиб кетаман. Агар ўн беш дақиқада картамга ўттиз минг тушмаса, Марияга хабар ёзаман. Биласан, унинг рақами бор менда, яна бир иккита гаплар ҳам қўшиб юбораман ўзимдан ҳам. Наташа деган жазманинг ҳам бормиди-ей... Уч дона яширин камераларни кўргач, Мария менга ишонади, албатта. 
Олег нималардир деб роса сўкинди, қарс-қурс қилган овозлардан билдимки, бир нарсалар синди ҳам. 

– Келишдик, ҳозир карта рақамингга ташлайман пулни. Аммо мен сенга ишониб бу ишни қилдирган эдим, яхшимас сўзида турмаслик, сирни сотиш, – деди. 

– Сен сўзингда турдингми? Агар сен сўзингда турсанг, мен ҳам сўзимда тураман, – дедим. 

– Кейин яна сўрамайсанми? Яна Марияга айтаман демайсанми? – мен кечаси ҳис қилган қўрқувни энди у бошидан ўтказаётгани овозидан сезилди. Билгандим бу бақироқ хотинидан шунақа қўрқишини. 

– Мен сендан ўзимиз ишлаган меҳнат ҳақимизни сўрадим, ортиқча бир чақа керакмас, картамга пул тушиши билан сенинг ҳам, хотинингнинг ҳам телефон рақамларингни ўчириб ташлайман, сўз бераман.

У индамасдан телефонни ўчирди.

Орадан беш дақиқа ҳам ўтмасдан, телефонимга хабар келди. Картангизга фалончи фалончиев ўттиз минг рубл ўтказди, деган. 

Шу гапларга ҳам сал кам уч йил бўлибди.

* * *

P.S.: Руслар бу ёзганларимни ўқимайди-ю, барибир ҳар эҳтимолга қарши исмлар ўзгартирилди.

Бахтиёр Турсун

24.04.2021

Мавзуга оид