Ўзбекистон | 13:49 / 26.04.2021
26494
3 дақиқада ўқилади

Тошкент зилзиласига 55 йил: 300 минг кишини бошпанасиз қолдирган офат

1966 йилнинг 26 апрель куни тонгги соат 5 дан 23 дақиқа ўтганда Тошкент шаҳрининг қоқ марказида кучли зилзила содир бўлган эди. Бугун ушбу машъум воқеага 55 йил тўлди.

Зилзила магнитудаси кўп ҳам юқори эмасди (Рихтер шкаласи бўйича М=5,2). Лекин зилзила ўчоғи у қадар чуқурликда бўлмагани сабабли (3–8 км) ер сиртида 8-9 балли қимирлашларни келтириб чиқарган ва шаҳар марказига жиддий талафот етказган. Бор-йўғи 10-12 сония давом этган зилзиладан максимал талафот майдони 10 квадрат километрни ташкил этган.

Тошкент зилзиласининг нисбатан кам қурбонлар сони (8 киши ўлган ва бир неча юз киши жароҳатланган) вертикал силкинишлар юз бергани билан тушунтирилган. Яъни агар горизонтал силкинишлар рўй берганида пахса ва гувалакдан қурилган уйларнинг барчаси тўкилиб битарди. Одамлар орасида совет тоталитаризми даврида қурбонларнинг ҳақиқий сони яширилгани ҳақидаги гумонлар ҳам юради.

Зилзила натижасида Тошкентнинг марказий қисми бутунлай вайрон бўлади. 2 млн квадрат метрдан ортиқ яшаш майдони, 236та маъмурий бино, 700дан ортиқ савдо ва умумий овқатланиш объектлари, 26та коммунал корхона, 181та ўқув муассасаси, 185та тиббиёт ва 245та саноат бинолари вайрон бўлади.

78 мингта оила ёки 300 минг киши бошпанасиз қолади. Ўша вақтда Тошкент шаҳрининг аҳолиси 1 миллион атрофида бўлгани инобатга олинса, ҳар учинчи тошкентликка зилзила бевосита таъсир кўрсатгани аён бўлади.

Совет ҳукумати қарорига кўра, вайрон бўлган эски лой ва гуваладан ясалган уйлар ўрнида янги, замонавий турар жой бинолари қад кўтаради. Шаҳар 3,5 йил ичида тўлиқ тикланади.

Қардош республикалардан Россия — 330 минг, Украина — 160 минг, Озарбойжон — 35 минг, Қозоғистон — 28 минг, Грузия — 25,5 минг, Беларусь — 25 минг, Литва — 20 минг, Арманистон — 15 минг, Қирғизистон — 11,5 минг, Туркманистон — 9 минг, Тожикистон — 8 минг, Латвия — 7,5 минг, Молдавия — 6 минг, Эстония — 5,4 минг квадрат метр турар жойлар барпо этган.

Зилзилани хотирлаш учун Тошкентда у рўй берган жой эпицентрида «Жасорат» монументи ўрнатилган.

Мавзуга оид