Ўзбекистон | 16:44 / 28.04.2021
1701
2 дақиқада ўқилади

Чустда инновация форуми иш бошлади

Чуст тумани Маданият марказида “Ҳудудларни инновацион ривожлантириш бўйича Чуст тажрибаси, ҳудудий илмий-инновацион салоҳият, эришилган натижалар ва истиқболли режалар таҳлили” мавзусидаги ҳудудий форум ўз ишини бошлади.

Унда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этди. Форум доирасида соҳага оид 30 дан ортиқ инновацион лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Чуст туманини инновацион ҳудудга айлантириш лойиҳаси доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан жами 7,1 млрд сўм маблағ ажратилган.

Ҳудудий олий таълим ва илмий ташкилотлар томонидан янги ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш бўйича ишлаб чиқилган жами 9 та лойиҳага 4,7 млрд сўм маблағ молиялаштирилди. Туманда “Инновацион тупроқ клиникаси” мобиль лабораториясини ташкил этиш учун 884 млн сўм ажратилди. 

Шунингдек, Чуст шаҳрини бепул Wi-Fi (интернет) билан таъминлашга 500  млн сўм ҳамда туманда ташкил этиладиган онкологик касалликларни скрининг қилиш инновацион марказини ташкил этишга 907 млн сўм, туманнинг олис ҳудудларида жойлашган 10 та мактабларда интернетсиз ишлайдиган инновацион кутубхона ташкил этиш лойиҳасига 150 млн сўм маблағ сарфланди.

“Инновацияга эътибор бу, аввало, ёшларга, хусусан, илм-фанга бўлган эътибордир. Чунки Чуст тумани инновацион ҳудуд номини олиши баробарида, ёшларнинг инновацион лойиҳалари амалга тадбиқ этилади. Бу, аввало, туман кўрсаткичи учун ҳам катта бир ютуқ. Халқаро доирадаги форумларни ҳам Чустда ўтказиш мақсадимиз бор. Бу, ўз навбатида, ёшлар бандлигини таъминлашда катта аҳамиятга эга”, – деди вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид