Жаҳон | 23:11 / 28.04.2021
42411
1 дақиқада ўқилади

Маккада шаррос ёмғир ноодатий тошқинларни келтириб чиқарди

27 апрел, сешанба куни тушдан кейин Саудия Арабистони жанубига ёпирилган кучли ёмғирлар Макка шаҳри кўчаларида сув тошқинларини келтириб чиқарди.

Шаҳарнинг айрим мавзеларида тошқин сабаб ҳаракатланиш буткул тўхтаб қолган, автомобиллар бўйи ярмигача сув остида қолган.

Интернетда тарқалган видеоларда Масжидул ҳаромда умра ибодатини адо этаётган мусулмонлар қўлларида соябон билан Каъбани тавоф қилаётганини кўриш мумкин.

Синоптиклар яриморол жанубидаги ёғингарчилик ҳафта охиригача давом этишини айтмоқда. Бироқ бу саудияликларни ташвишга соляпти, деб бўлмайди: маҳаллий аҳоли вакиллари ноодатий кучли ёмғирдан завқланаётгани ҳақида интернетда кўплаб постлар қолдирмоқда.

Маълумот учун, сўнгги ҳафталарда подшоҳликда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кунига ўртача мингтани ташкил этмоқда. Феврал ойида бу кўрсаткич ўртача 300 тага, декабр-январ ойларида эса 200 тадан пастроққа тушганди.

Саудия Арабистонида COVID-19 билан боғлиқ жами 415 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган, 7 мингга яқин киши вафот этган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид