Ўзбекистон | 15:45 / 01.05.2021
18689
1 дақиқада ўқилади

«Сайловчилар ҳам ҳайрон қолган» — бир оёқда депутатлик қилаётган Жавлонбек

Жавлон Абдуллаев 25 ёшда. У – Наманган давлат университети 4-босқич талабаси. Халқ депутатлари Косонсой туман кенгаши депутати. Сузиш ва граната улоқтириш бўйича Ўзбекистон чемпиони.

6 ёш пайтида содир бўлган мудҳиш воқеа унинг бир оёғидан ажралишига, қўлтиқтаёқ ушлашига сабаб бўлган.

Шундай бўлса-да яқинлари кўмаги ва далдаси, ўзидаги ишонч ва ҳаракат унинг жамиятнинг фаол фуқароси бўлишига имкон яратди.

Унинг сўзларига кўра, илм йўлини танлаши жамиятга тез мослашиши, ўз ўрнини топишида катта хизмат қилган.

Ёшлигидан имконияти чекланган инсонларнинг ҳаёт йўлини топишига кўмаклашиш, уларнинг ҳам жамиятда ўз ўрнини топишига ёрдам беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

У 2019 йилда маҳаллий кенгаш депутати сифатида сайланган. Имконияти чекланган бўлса-да, тиришқоқлиги ва ҳаракатчанлиги сабаб ўз сайловчилари ишончини оқлаб келмоқда. Депутатлик унга имконияти чекланган ёшларга ёрдам беришда янада кўпроқ йўл очмоқда.

«Олдингизга мақсад қўйиб ҳаракат қиларкансиз, бутун дунё сизга ёрдамга келгандек бўлади», – дейди ёш депутат.

Тоҳиржон Турсунов

Мавзуга оид