Ўзбекистон | 16:31 / 04.05.2021
123212
3 дақиқада ўқилади

Отабек Сатторий иши. Прокурор якуний хулосасини айтди

Бугун, 4 май куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида блогер Отабек Сатторий иши бўйича суднинг сўнгги муҳокамаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Отабек Сатторий / Фото: Kun.uz

Суд ишида қатнашаётган прокурор Сатторийга 5 та иш бўйича айблов қўйилганини билдириб, унга 11 йил қамоқ жазоси беришни сўради.

Прокурор судланувчига қўйилган 8 та айбловдан учтасини рад этиш, бештаси бўйича уни айбдор деб топишни сўради.

Сатторийни айбдор деб топиш сўралаётган биринчи айблов – унинг Термизда уй-жой қуриш билан шуғулланган МЧЖ раҳбари Тўлқин Шопўлатовга босим ўтказиб, товламачилик билан 700 миллион сўмдан ошиққа нархланган иккита квартирани олгани ҳолати бўйича. Прокурорнинг билдиришича, у аслида Термиз шаҳрида «снос»га тушган онаси ва синглисининг номида бўлган уй учун 234 миллион сўм ёки шунга тенг бўлган мулк олиши лозим бўлган.

Иккинчи айблов – Денов тумани ФҲДЁ бўлими собиқ мудираси Насиба Норбоеванинг қадр-қимматини ерга урадиган ва обрўсизлантирадиган ҳақоратли сўзлар айтилган видеолавҳани интернетда тарқатганлик ҳолати. Сатторий ўз видеолавҳасида Насиба Норбоевани порахўр деб атаган. Прокурорнинг билдирилишича, Насиба Норбоеванинг порахўрлиги суриштирувларда ўз исботини топмаган.

Учинчи айблов – вилоят газ идораси ходимларига нисбатан қилингани айтилаётган товламачилик.

Тўртинчи айблов – Шеробод туманида жойлашган «Чинора Гул барака» деҳқон бозори раҳбари Лочин Тўраевдан нархи анча арзон бўлган «Redmi 5» телефони ўрнига 5 миллион сўмдан ошиқроқ бўлган «Vivo 50» телефонини товламачилик йўли билан олганлик ҳолати.

Бешинчи айблов – Термиз шаҳрида жойлашган онкология марказининг раҳбари билан боғлиқ иш. Прокурорнинг айтишича, Сатторий онкология раҳбарининг қадр-қимматини ерга урувчи туҳмат гаплар айтилган видеолавҳани интернетда тарқатган.

Прокурорнинг фикрича, Отабек Сатторий ўзига қўйилаётган айбловларни тан олмагани ва жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаб бермагани учун унинг ишида енгиллаштирувчи ҳолатлар йўқ деб ҳисобланиши лозим.

Давлат айбловчиси Жиноят кодексининг 33-моддаси талабларига асосан, Отабек Сатторийни ЖКнинг 165-моддаси 3-қисми «а» банди, 139-моддаси 3-қисми «а», «г» бандлари билан айбдор деб топиш; 165-модда 3-қисми «а» банди билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш, 139-моддаси 3-банди «а», «г» қисмлари билан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлашни сўради.

Прокурор Отабек Сатторийга нисбатан ЖКнинг 59- ва 61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 11 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланишини сўради.

Бундан ташқари, прокурор битта 2 хонали ва яна битта 3 хонали квартирани Отабек Сатторийга бериш ҳақидаги айбланувчи ва тадбиркор Тўлқин Шопўлатов ўртасида 2020 йил июнь ойида тузилган шартномани ҳақиқий эмас деб топиб, бекор қилишни ва квартираларни тадбиркорга қайтаришни сўради.

Мавзуга оид