Ўзбекистон | 19:27 / 12.05.2021
15569
3 дақиқада ўқилади

Эйфел кўпригидаги гул безаклари – анъанавий фестивалдан репортаж

 Баҳор фасли охири, хусусан, май ойининг иккинчи ҳафтасида Испаниянинг Жирона кўчалари турфа рангли гуллар билан безалади. Яъни бир ҳафта давомида шаҳарда анъанавий гуллар фестивали бўлиб ўтади.

Бу йилги гуллар фестивали 8–16 май кунларига тўғри келди. Шаҳар бўйлаб сайр қилар экансиз, турли ташкилотлар, муассасалар томонидан жами 92 та гул безаклари ўрнатилганига гувоҳ бўласиз.

Рафиқам ва фарзандим билан мана шу 92 безакнинг баъзиларига ташриф буюрдик. Ҳар доимгидек жараёнларни расм ва видеога муҳрлашга ҳаракат қилдим.

Шаҳарнинг машҳур объектларидан бири Густав Эйфел томонидан Оняр дарёси узра қурилган Эйфел кўприги гуллар фестивалининг ҳам асосий безакларидан бири ҳисобланади. Қизил темир панжаралар шаклида ишланган мазкур кўприк турли гуллар, ўсимликлар ва барглар билан безатилган.

Гарчи пандемия туфайли саёҳат имконияти кескин чекланган бўлса-да, кўприкда кўплаб маҳаллий ва хорижий сайёҳларни учратасиз.

Шунингдек, дарё узра ўтган бошқа бир қанча кўприклар ҳам гуллар билан безатилганини кўриш мумкин.

Жиронанинг эски шаҳар қисмига кириб борар экансиз, кўчалар ҳам гуллар билан безатилганига гувоҳ бўласиз.

«Тахтлар ўйини» фильмининг 6-мавсуми саҳналаридан айримлари олинган жой – Авлиё Марти Сакоста черкови зиналари ҳам гуллар ва хушманзара ўсимликлар билан безатилган.

Гуллар фестивалининг энг қизиқарли манзилларидан бири, шубҳасиз, мактаб ва боғча болаларининг ўқитувчилари ёрдамида тайёрлаган безаклари жойлашган кўчадир. Кўчада Жиронадаги мактаб, боғча, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари томонидан ишланган турли асарларни кўриш мумкин.

Шаҳарнинг у қадар гавжум бўлмаган кўчаларини кезганингизда ҳам ҳар-ҳар ерда ўрнатилган махсус гул безакларини учратасиз.

Фестиваль тарихи 1954 йилга бориб тақалади. Ўша йили бир гуруҳ ёш тадбиркорлар шаҳар муниципал театрида гуллардан ишланган асарлар намойишини ташкиллаштиради. Шанба ва якшанба куни бўлиб ўтган мазкур мусобақа кутилмаган машҳурлик ва муваффақият қозонади. Шундан сўнг бу тадбир ҳар йили ўтказила бошлайди. Йиллар давомида ўзининг гул безакларини намойиш қилувчи ташкилотлар, муассасалар сони ошиб боради.

Мақсуд Саломов,
UzbekLife’нинг Испаниядаги колумнисти

Мавзуга оид