Жаҳон | 13:14 / 14.05.2021
3655
2 дақиқада ўқилади

Йил охиригача япон вакцинаси ҳам фойдаланишга татбиқ этилиши мумкин

Япониянинг COVID-19'га қарши илк вакцинаси жорий йил охиригача умумий фойдаланишга тайёр бўлиши мумкин. Бу ҳақда Kiodo агентлиги хабар берди.

Фото: KYODO

Таъкидланишича, биринчи вакцина мамлакатнинг етакчи фармацевтика компанияларидан бири Shionogi томонидан ишлаб чиқарилган, ўтган йилнинг декабридан бери клиник синовлар давом этиб келаётган эди. 

Япония ҳукумати ўтган йили жами 310 миллион доза учун AstraZeneca, Moderna ва Pfizer ва BioNTech компаниялари билан шартномалар имзолаганди. Ҳозирда Япония аҳолиси фақат Pfizer вакцинаси билан эмланмоқда.

Япониянинг KM Biologics компанияси корпоратив бошқарув департаменти ходими Акмал Ражабов Kun.uz’га берган интервьюсида тиббиёт ва фармацевтикада илғор бўлган япон компаниялари узоқ муддатли хавфсизликни жуда муҳим деб ҳисоблаганлари учун вакцина самарадорлигини пасайтирмаган ҳолда бошқа вакциналарда обдон синовдан ўтган технология асосида ишлашаётганини айтган эди. Маълум бўлишича, бунинг учун камида 3 йил вақт сарфланиши мумкин.

Маълумот учун, Pfizer/BioNTech’нинг BNT162b2 вакцинаси учинчи босқич синовларидан кейин 95 фоиз самарадорлик кўрсатган, Россиянинг «Спутник V» вакцинаси самарадорлиги 92 фоиз, Американинг Moderna компанияси вакцинаси самарадорлиги 94,1 фоиз, AstraZeneca компанияси вакцинаси самарадорлиги 70 фоиз самарали эканлиги маълум қилинган.

Мавзуга оид