Ўзбекистон | 14:37 / 17.05.2021
8270
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда инновацион ўқув маркази 1 миллиард сўмлик грантни олди

Инновацион ривожланиш вазирлиги хоразмлик ёшларнинг IT соҳасида таълим олишига қаратилган лойиҳа учун 1 миллиард сўм ажратди.

24 ёшли Шаҳзод Собиров 2 йилдан бери DATA UNION МЧЖ томонидан ташкил этилган Хоразм вилояти, Урганч шаҳридаги DATA инновацион ўқув марказига раҳбарлик қилмоқда. У лойиҳанинг мазмуни ва моҳияти, иш жараёни ҳақида гапириб берди.

«2019 йилда DATA инновацион ўқув марказига асос солдик. Асосий фаолиятимиз – IT соҳасида таълим дастурларини амалга ошириш.

Ҳозирги кунда ўқув марказимизда 100дан ортиқ компьютерлар бор. Ёшларга замонавий ахборот технологиялари, web дастурлаш, компьютер дастурлаш, графика дизайни, видеомонтаж, архитектура, бухгалтерия ҳисоби йўналишларида таълим беряпмиз.

Марказда 30дан ортиқ ишчи меҳнат қилади, ўқитувчилар дарс беради. Бир вақтнинг ўзида 300дан ортиқ ўқувчи таълим олиши мумкин. Ўқув курсларимиз 2 ойдан 7 ойгача давом этади.

Шу вақтгача 350дан ортиқ ёшлар ўқув курсларини тамомлаб, сертификатга эга бўлишди. Улар фрилансерлик йўналишида, web дастурлаш, архитектура, типография соҳаларида фаолият олиб боришмоқда.

Дастлабки мақсадимиз таълим бериш эмас, IT соҳасида ишлаш бўлган. Аммо жамоани шакллантиришда қийналганмиз. Шу сабабли, олдин ўзимиз ўқитишни бошладик. Кейинчалик бу фаолиятни кенгайтирдик.

2020 йил декабрь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи давомида Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолиятимизни ўрганди. Биз уларга start-up лойиҳамиз тақдимотини ўтказдик. Шундан кейин 1 млрд сўмлик лойиҳа вазирлик томонидан маъқулланди. 2021 йил апрель ойида ушбу маблағларни олдик.

Энди ўқув марказини янада кенгайтириш, зарур ускуналар, компьютерлар билан жиҳозлаш, янги иш ўринларини очишни мақсад қилганмиз», - деди Шаҳзод Собиров.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид