Ўзбекистон | 15:45 / 18.05.2021
3284
2 дақиқада ўқилади

Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди

Президент “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қуйидагилар паралимпия ҳаракатини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

  • жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланишлари учун шарт-шароитларни кенгайтириш ҳамда улар ўртасида спорт билан шуғулланувчилар қамровини янада ошириш;
  • барча турдаги спорт таълим муассасаларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун спорт бўлимларини босқичма-босқич ташкил этиш ҳамда иқтидорга эга бўлган жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни танлаб олиш, уларни спорт турларига йўналтириш, тайёрлаш ҳамда олий спорт маҳоратига эришишни таъминловчи узлуксиз ягона комплекс тизимни жорий этиш;
  • ривожлантирилаётган (мавжуд), янги ташкил этилаётган ва келажакда янги ташкил этилиши режалаштирилган паралимпия спорт турларини ҳар томонлама ривожлантириш ва оммавийлаштириш;
  • паралимпия спорт турлари бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини яратиш ҳамда илмий тадқиқотлар олиб бориш;
  • жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларини рағбатлантириш, жисмоний ва ижтимоий мослашуви интеграциясини дастурий-услубий таъминлаш, касбий реабилитация ва кадрлар тайёрлаш;
  • спорт таълим муассасаларида (шу жумладан, олий таълим муассасалари) фаолият юритаётган паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш тизимини кучайтириш;
  • жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида махсус таълим муассасаларида ҳамда маҳаллаларда спорт мусобақаларини мунтазам равишда ўтказиш;
  • барча турдаги спорт таълим муассасаларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланишлари учун замонавий моддий-техник базасини шакллантириш.

Мавзуга оид