Жамият | 18:23 / 18.05.2021
9519
3 дақиқада ўқилади

Третяков галереясида Иван Кудряшов асарлари кўргазмаси очилди

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

17 май куни Москвада Иван Кудряшов таваллудининг 125 йиллигига бағишланган кўргазма очилди. Ўзбекистон томонидан бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева табрик нутқи билан чиқиш қилди.

Галереяда 300дан ортиқ экспонатдан иборат ретроспектив жамланма жамоатчиликка тақдим этилди. Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўргазмани ўтказишда ва Қорақалпоғистон давлат санъат музейидан буюмлар билан таъминлашда кўмаклашди.

Бугунги кунда ушбу ижодкорнинг ижодий мероси тўрт мамлакат: Россия, Ўзбекистон, Греция ва Франция музейлари ўртасида нотекис тақсимланган. Рассом, санъатшунос, Нукусдаги Санъат музейининг яратувчиси ва биринчи директори Игор Савицкийнинг асарлари туфайли Кудряшов ишларининг энг катта коллекцияси у ерда тўпланиб, рассомнинг ижодий йўлини очиб беради.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева рассомнинг асарлари узоқ вақт давомида эътиборсиз қолганини таъкидлаб, Нукус санъат музейи коллекцияларини ўрганишни давом эттиришга тайёрлигини билдирди:

«Супрематист рассом Иван Кудряшовнинг картиналари деярли эллик йилдан бери Нукус музейи омборларида ётди. Кўргазма замирида илмий изланишлар, рус авангардига бўлган қизиқишлар ва Игор Савицкий музейи хазиналарини бутун дунёга намойиш этишга бўлган катта истак ётибди. Бу илмий изланишларга, рус авангардига қизиқиш ва Игор Савитский музейи хазиналарини дунёга намойиш этишга бўлган катта истакка асосланган».

Маълумот учун, Иван Кудряшов (1896-1972) рассом, график артист, супрематист, ўтган аср санъатида космизмнинг энг йирик вакили, абстракт санъатда ўз йўналишининг асосчиси, педагог бўлган. 

Иван Кудряшов юбилейига бағишланган халқаро музей лойиҳаси — бу рус авангарди энг ёрқин усталаридан бири асарларининг илк ва тўлиқ ретроспективасидир. Бу ижодий ҳаёти ғайриоддий ва шу билан бирга, ХХ аср рус маданияти тарихини англаш учун характерли бўлган, кўтарилиш ва тушишларга ҳамда инсоний драмаларига тўла рассом санъатининг кўргазма-тадқиқотидир.

Мавзуга оид