Жамият | 16:32 / 22.05.2021
10892
3 дақиқада ўқилади

Фото: Андижоннинг барча туманларида ёшлар форуми бўлиб ўтмоқда

Андижон вилоятида мактаб битирувчилари ҳамда 30 ёшгача бўлган ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш бўйича «Андижон вилояти тажрибаси»ни кенг тарғиб этиш мақсадида «Ёшлар форуми Андижон – 2021» фестивали бошланди.

20 майдан бошланган фестивал Андижон вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан ўтказилмоқда.

Навбатдаги кунда республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 200 нафарга яқин фаол ёшлар учун Андижон шаҳридаги ижтимоий-иқтисодиёт ва педагогика коллежи негизида ташкил этилган «Аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш маркази»га ташриф уюштирилди.

Бу ерда имтиёзли кредит олиб фаолиятини йўлга қўйган уюшмаган ёшлар билан, ёш спортчилар томонидан кўргазма ташкил қилинди.

Шундан сўнг форум иштирокчилари Андижон шаҳридаги IT-парк фаолияти билан танишдилар. Бу ерда робототехника бўйича республика мусобақаси ўтказилди.

Шундан сўнг «Бир миллион дастурчи» лойиҳасини амалиётга жорий этиш мақсадида ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларига IT-паркда тахсил олишлари учун бепул ваучерлар тақдим этилди.

Куннинг иккинчи ярмида Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов форум иштирокчилари билан очиқ мулоқот ўтказди.

Вилоят ҳокими ҳудудда ёшлар сиёсатида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларга яратиб берилаётган имконият ва шароитлар ҳақида сўз юритди.

Андижон вилоятининг барча туманларида форум доирасида ўн минглаб ёшларни қамраб олган турли тадбирлар ташкил этилмоқда.

Балиқчи туманида марказидаги ўйингоҳда туман ёшларини жамлаган ана шундай дастур ўтказилди. Форум кунлари туманда турли спорт мусобақалари ташкил этилди. Унда туманнинг турли соҳаларда ўзини кўрсатаётган фаол ёшлари тақдирланди.

Андижон тумани ёшлари тиббиёт жиҳозлари ишлаб чиқарувчи корхоналар жойлашган «Фарм зона» майдонига йиғилди. Форум доирасида каноэда эшкак эшиш спорт тури бўйича вилоят биринчилиги, каратэ мусобақалари, бадиий ҳаваскорларнинг чиқишлари ташкил этилди.

Олтинкўл туманида ҳам форум доирасида турли тадбирлар ташкил этилди. «Олтин соҳил» истироҳат боғида ёш келинлар ўртасида Андижонча палов тайёрлаш танлови бўлиб ўтди.

Оқшом тушгач, гала-концертда 2 минг нафарга яқин ёшлар қатнашди.

Мавзуга оид