Жамият | 20:26 / 24.05.2021
4700
3 дақиқада ўқилади

«Яхшилик қил – 2021» ижодий ишлар танлови ғолиблари тақдирланди

«Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ўзбек халқи орасида ўзаро бирдамлик ва меҳр-оқибатни кенг тарғиб этиш ва шу йўлда хизмат қилаётганларни рағбатлантириш мақсадида эълон қилинган «Яхшилик қил — 2021» номли ижодий ишлар танлови ғолиблари тақдирланди.

Бугун, 24 май куни Тошкент шаҳридаги «Султон» кошонасида ушбу танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Маросимга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлими мудири Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг исломий диний-маърифий ташкилотлар ва имом-хатиблар билан ишлаш бўлими бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов ва танловда саралаш босқичидан ўтган иштирокчилар ташриф буюрди.

Мазкур танлов жорий йилнинг 24 февралидан 12 апрелига қадар давом этиб, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан жами 1400дан ортиқ ижодий ишлар келиб тушган.

Танлов 3️ йўналишда ўтказилди. Яхшиликни тарғиб этувчи:

  • «Энг яхши видеоролик» – 7 000 000 сўм;
  • «Энг яхши мақола» – 5 000 000 сўм;
  • «Энг яхши инфографика» – 3 000 000 сўм билан тақдирланди.

«Энг яхши инфографика» бўйича олий ўрин Дилафруз Қурбоновага насиб этди, у 3 млн сўм пул мукофоти ва диплом билан тақдирланди. Шу номинация бўйича Дилфуза Каримовага шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Тафсири Ҳилол» китоби ва диплом берилди. Абдусамад Салимжонов ва Луқмонжон Лутфуллаев эсдалик совғалар ва махсус сертификат билан тақдирланди.

«Энг яхши видеоролик» бўйича олий ўрин islom.uz порталининг медиа йўналиши ходими Ёрқин Халилга насиб этди. Ғолибга ҳомийлар томонидан 7 млн сўм пул мукофоти топширилди. Шунингдек, ушбу йўналишда Бахтиёр Муҳаммад ва Муҳаммад Умар шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Тафсири Ҳилол» китоблари ва диплом билан тақдирланди.

«Энг яхши мақола» бўйича олий ўринни эса Ҳайитмурод Ережепов эгаллади. Ҳомийлар томонидан ғолибга 5 млн сўм пул мукофоти топширилди. Шунингдек, Нилуфар Саидакбарова, Мадина Абдуллаева ва Дилмурод Мирзога «Тафсири Ҳилол» китоблари ва дипломлар топширилди.

Шунингдек, саралаш босқичидан ўтган барча иштирокчиларга «Вақф» фонди томонидан эсдалик совғалари берилди.

Мавзуга оид