Жамият | 14:44 / 27.05.2021
22347
2 дақиқада ўқилади

Сенат Андижондаги депутатларнинг мурожаати юзасидан муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг ўндан ортиқ депутатлари томонидан мурожааат йўлланиб, унда 2021 йил 17 май куни бўлиб ўтган сессияда депутат Шуҳрат Каримовни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида қабул қилинган қарор ноқонунийлиги билдирилган.

«Аввалроқ мазкур ҳолат Сенатнинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашувчи комиссияси (Махсус комиссия) томонидан назоратга олиниб, ўрганиш ишлари олиб борилаётганлиги бўйича хабар берилган эди.

Таъкидлаш жоизки, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ҳар бир масала пухта ва синчковлик билан қонунчиликка таянган ҳолда ўрганиш талаб этилади. Шу боис, масалага ҳуқуқий ечим топиш ва адолатли қарор чиқариш мақсадида айни пайтда Махсус комиссия томонидан ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.

Тез кунларда ушбу ўрганиш натижалари юзасидан жамоатчиликка батафсил маълумот берилади.

Мурожаатда келтириб ўтилган важлар ўз тасдиғини топган тақдирда, қонунчиликка зид равишда қабул қилинган қарор Сенат томонидан ўрнатилган тартибда бекор қилиниши таъминланади», дейилади Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутатлари президентга видеомурожаат йўллашган, унда маҳаллий кенгаш масъуллари томонидан ўзларига ўтказилаётган босим ва тазйиқлар ҳамда кенгашнинг қонун ва қонуности ҳужжатларга зид равишда чиқарилаётган қарорларидан норози эканлигини билдирган эди.

Мавзуга оид