Ўзбекистон | 07:14 / 28.05.2021
3672
2 дақиқада ўқилади

Олий суд раиси ўринбосари икки кунда 142 та мурожаат қабул қилди

Навоий вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Исломов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан суд-ҳуқуқ соҳасидаги сайёр қабуллар давом этмоқда. 26, 27-май кунлари Зарафшон шаҳри, Қизилтепа ва Навбаҳор туманларида ўтказилган сайёр қабулларда Олий суд раисининг ўринбосари Икром Муслимов томонидан 142 та мурожаат қабул қилинди.

Қабул қилинган мурожаатларнинг 106 таси жиноят, 31 таси фуқаролик, 3 таси маъмурий, 2 таси иқтисодий ишлар бўйича судларга тааллуқли.  

Навоий вилояти суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими консултанти Азиза Рўзиеванинг Kun.uz'га маълум қилишича, жараёнда 142 та мурожаатдан 72 таси жойида ҳал этилган ва 51 таси бўйича фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. 19 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди, ушбу мурожаатларнинг барчаси қаноатлантирилиб, тегишли судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди.

Таъкидланишича, сайёр қабулларда жиноят ишлари бўйича шаҳар ва туман судлари томонидан жами 55 нафар маҳкум жазони ўташ муддатидан олдин шартли озод қилинган. Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан эса 39 нафар шахсга нисбатан алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқарилиб, ижрога қаратилган. 16 нафар шахсга нисбатан фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш бўйича аризаси қаноатлантирилган.

Шунингдек, иқтисодий судлар томонидан 32 та иш суд мажлисларида кўрилиб, тадбиркор (даъвогар)лар фойдасига жами 1 миллиард 626 миллион сўмдан ортиқ даъво талаблари қаноатлантирилган.

Сайёр қабул бугун Кармана туманидаги «Офтобжон» болалар оромгоҳида Навоий шаҳри ва Кармана тумани аҳолиси учун бўлиб ўтади.

Мавзуга оид