Ўзбекистон | 17:52 / 29.05.2021
8924
4 дақиқада ўқилади

Сенатда Автомобил йўллари қўмитаси фаолияти танқид қилинди

Сенатнинг 15-ялпи мажлисида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан мамлакатдаги автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларнинг ҳолати ҳамда транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашга доир қонунчилик ҳужжатларининг ижро этилиши бўйича ўрганиши эълон қилинди ва Вазирлар Маҳкамасига Парламент сўрови юборишга қарор қилинди.

Қўмита ўтказган таҳлиллар соҳада қатор тизимли муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлигини кўрсатган.

2021 йил 1 январь ҳолатига республикадаги жами 184,8 минг км автомобиль йўллари (жумладан, 42,9 минг км умумий фойдаланишдаги, 132 минг км ички хўжаликлараро, 24,8 минг км идоравий автомобиль йўллари ва 9,9 минг км шаҳар кўчалари)нинг 77,9 минг км  қисми ёки 42,2 фоизи таъмирталаб ҳолатда.

Айрим автомобиль йўлларини қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари йилдан-йилга ўтиб, чўзилиб кетмоқда ва якунига етказилмаган.

Ҳисоботда таъкидланишича, белгиланган меъёрларга зид равишда йўл қопламасига майда донали зич асфальт-бетон қопламасини ётқизмасдан, йирик донали ғовак асфальт-бетонли қуйи қатлам билан қолдирилмоқда. Бу йўлларда транспорт воситаларининг мунтазам ҳаракатланиши оқибатида йўл қопламалари жуда тез бузилишига олиб келади.

Шунингдек ёғингарчилик ва об-ҳаво билан боғлиқ бошқа омиллар ҳам сифатсиз йўлларнинг қисқа муддатларда яроқсиз ҳолга келишига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, ажратилган маблағларнинг мақсадсиз сарфланишини келтириб чиқараётган сабаблар фуқароларнинг автомобиль йўлларининг бугунги ҳолатидан норозилигини ҳам кучайтираётгани таъкидланган.

«Энг ачинарлиси, автомобиль йўлларининг таъмирлаш ишлари олиб борилаётган ёки охирига етказилмасдан қолиб кетган ҳамда таъмирланиши лозим бўлган жойларида фуқаролар жароҳати ва ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлмоқда.

Хусусан, 2019-2020 йиллар давомида юз берган 556 та ана шундай йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 240 киши вафот этган, 481 киши жароҳат олган.

Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 9 декабрдаги фармони билан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини, минтақавий автомобиль йўлларини, кўприкларни, йўл ўтказгичларни ва бошқа сунъий иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек, уларни лойиҳалаштириш бўйича ишлар фақатгина Автомобиль йўллари қўмитаси тасарруфидаги корхоналар томонидан бажарилиши билан боғлиқ тартиб бекор қилинган.

Бироқ бугунги кунда ҳам ушбу ишларнинг аксарияти Автомобиль йўллари қўмитаси тасарруфидаги корхоналар томонидан бажарилмоқда.

Автомобиль йўли қурилиши соҳасига оид барча функцияларнинг битта ташкилотда жамланиши эса автомобиль йўлларининг сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда», дейилади Қўмита ҳисоботида.

Маълумотда келтирилишича Автомобиль йўллари қўмитаси таркибидаги корхона ва ташкилотлар балансидаги 161 та асфальт-бетон ишлаб чиқариш цехининг 107 таси ўтган асрнинг 90-йилларигача ишга туширилган ва бугунги кунда уларнинг 55 таси носоз ҳолатда, 9 таси эса мутлақо яроқсиз. 

«Мавжуд асфальт-бетон ишлаб чиқариш цехларининг бугунги кундаги қуввати бор-йўғи 66 фоизни ташкил қилади.

Бундан ташқари, қайд этилган цехларнинг фақатгина 25 тасида синов лабораториялари мавжуд, бор-йўғи биттаси Давлат раҳбари томонидан қабул қилинган қарор талаблари асосида аккредитация қилинган, холос.

Асфальт-бетон маҳсулотларининг ва пировардида йўл-қурилиш ишларининг сифатсизлиги мазкур омилларга ҳам бевосита боғлиқ.

Республика автомобиль йўлларида ўтказилган хатлов натижаларига кўра, бугунги кунда 15 мингга яқин кўприк мавжуд бўлиб, шундан 40 фоиз кўприк ва йўл ўтказгичларнинг эксплуатацион ҳолати яроқсиз, қониқарсиз ва таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

Бундан ташқари, автомобиль йўлларида жойлашган ва эгаси аниқланмаган кўприкларни сақловчиларга топшириш ишлари амалга оширилиши ўрганилганида 3477 дона кўприк ўз эгаларига берилмагани аниқланди», дейилади Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан тайёрланган ҳисоботда.

Ўз ҳолига ташлаб қўйилган ва яроқсиз ҳолга келган кўприклар эса фуқароларнинг хавфсиз ҳаракатланишига салбий таъсир кўрсатмоқда, уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Мавзуга оид