Спорт | 15:26 / 03.06.2021
14202
1 дақиқада ўқилади

Фото: Бокс бўйича Осиё чемпионлари Ўзбекистонга қайтди

БААнинг Дубай шаҳрида 31 май куни бўлиб ўтган бокс бўйича эркаклар ва аёллар ўртасидаги Осиё чемпионатида иштирок этган 20 нафар ўзбекистонлик боксчилардан 18 нафари мусобақани медал билан якунлаб мамлакатга қайтишди. 

Спортчилар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва бошқа масъуллар иштирокида кутиб олинди.

Миллий олимпия қўмитасида бўлиб ўтган тадбирда Азиз Абдуҳакимов терма жамоа аъзоларини йирик ғалаба билан қутлаб, Ўзбекистон Республикаси президентининг боксчиларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Чемпионатда 10та медал йигитлар томонидан олинган бўлса, 8та медални қизлар жамоаси қўлга киритган. Эркаклар терма жамоаси бош мураббийи Марат Қурбонов ҳали бундай натижа қайд этилмаганини айтди.

“Ўзбекистон терма жамоаси ҳали ҳеч бир расмий Осиё чемпионатида 18та медалга сазовор бўлмаган эди. Энди навбат Токио-2020 Олимпиадасига. Мақсадимиз - Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларида ҳам Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш”, - деди у.

Мавзуга оид