Ўзбекистон | 15:30 / 03.06.2021
14951
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда эрта туғуруқ ҳолатларининг қарийб ярми икки вилоятда қайд этилди

2020 йилда 1044 та эрта туғуруқ ҳолати қайд этилган. Эрта туғуруқларнинг 43,1 фоизи Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларига тўғри келди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти директор ўринбосари Ҳамид Абдураҳмонов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Давлат статистика қўмитаси маълумотларида 2020 йилда 88 та эрта никоҳ ҳолати қайд этилгани акс этган. Таҳлиллар ўтган йилга нисбатан эрта никоҳлар сонининг 97,0 фоизга камайганини кўрсатган.

Бунинг асосий сабабларидан бири 2019 йил 1 сентябрдан эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши тенглаштирилгани, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш бўлимлари томонидан фақат туман, шаҳар ҳокими томонидан никоҳ ёшини 1 йилга камайтиришга рухсат берилган никоҳлар қайд этилиши билан изоҳланади. 

“Лекин амалиёт аксарият ҳолатларда эрта никоҳ яширин тусга эгалигини кўрсатишини унутмаслигимиз даркор. Таҳлиллар эрта никоҳ ҳолатлари асосан Ургут, Самарқанд, Паст Дарғом, Каттақўрғон, Денов, Шаҳрихон туманлари, Наманган, Самарқанд ва Андижон шаҳарларида кўп қайд этилганини кўрсатди.

2020 йилда 1044 та эрта туғуруқ ҳолати қайд этилган бўлиб, 2019 йилга нисбатан 12,7 фоизга камайган. Аммо ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, эрта туғуруқларнинг қарийб ярми, яъни 43,1 фоизи Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари улушига тўғри келади”, дейди Ҳамид Абдураҳмонов.

Мавзуга оид