Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шимолий Кореяда Ким Чен Ин ўринбосари лавозими жорий этилди — ОАВ
Корея Меҳнат партиясида биринчи котиб лавозими жорий этилди. Тахминларга кўра, ушбу лавозим ҳали банд қилинмаган ва уни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон эгаллаши мумкин. Бу ҳақда экспертларга таяниб Жанубий Кореянинг «Рёнхап» ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, моҳиятан партия биринчи котиби партия бош раиси Ким Чен Иннинг ўринбосари вазифасини бажаради.
«Фавқулодда вазиятлар ҳолатида, жумладан, Ким Чен Ин соғлиғи билан нимадир юз бергудек бўлса, Ким Ё Чжон ўринбосар лавозимини эгаллаши мумкин ва ҳокимият Ким Чен Иннинг ўғлига ўтмагунча, давлат раҳбари давомчиси вазифасини вақтинча бажаради», деб Жанубий Кореянинг бирлашиш масалалари бўйича собиқ вазири Ли Чон Сок сўзларини келтирган «Рёнхап».
Жанубий кореялик вазирнинг таъкидлашича, биринчи котиб сайланиши партия қурултойи чақирилишини талаб этмайди. Уни партия марказий қўмитасининг ялпи мажлисида ҳам тайинлаш мумкин бўлади.
Ли Чон Сокнинг қўшимча қилишича, ушбу лавозимни Ким Чен Иннинг яқин ёрдамчиларидан бири – Меҳнат партияси марказий қўмитаси котиби Чо Ён Вон ҳам эгаллаши мумкин. Бироқ бунинг эҳтимоли оз, чунки у Шимолий Корея етакчиси оила аъзоси ҳисобланмайди.
«Биз ушбу лавозимни Чо Ён Вон эгаллаши мумкинлигини тўлиқ истисно қила олмаймиз, бироқ кўринишича, ўринбосар лавозими ворис учун тузум барқарор қолишини таъминлашга қаратилган», деб таъкидлаб ўтган Жанубий Корея вакили.
CNN телеканалининг маълумотларга таяниб хабар беришича, ушбу лавозимни ким эгаллаши ҳозирча ноаниқ. Бироқ экспертлар маълумотларига кўра, ҳозирча ушбу лавозим бўш қолиши ёки Чо Ён Вон, ёхуд Шимолий Корея вазирлар маҳкамаси раиси Ким Док Хун томонидан эгалланиши мумкин.
Мавзуга оид
14:39 / 27.05.2025
Шимолий Кореяда амалдор ағдарилган эсминец туфайли ҳибсга олинди
20:05 / 22.05.2025
КХДРда янги эсминецни сувга тушириш вақтида «жиддий авария» юз берди
19:20 / 10.05.2025
Ким Чен Ин Россияни Ғарб тажовузидан ҳимоя қилишга ваъда берди
17:46 / 09.05.2025