Ўзбекистон | 07:59 / 03.06.2021
9041
2 дақиқада ўқилади

«Сижжак» оромгоҳини сотиб олишга таклифларни қабул қилиш муддати узайтирилди

Фото: AsiaTerra

Ўзбекистонда савдога чиқарилган айрим давлат активлари бўйича таклифларни қабул қилиш муддати узайтирилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.

Агентлик томонидан 2021 йил 30 мартда Ўзбекистон президентининг “Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш тўғрисида” 2021 йил 11 февралдаги ПФ-6167-сон фармонига мувофиқ хусусийлаштирилиши белгиланган “Белдерсой оромгоҳи” ва “Сижжак” дам олиш масканлари оммавий савдоларга чиқарилгани тўғрисида эълон қилинган эди.

“Савдо жараёнларини янада шаффоф ва рақобатбардош ўтказиш, савдоларда қатнашиш учун талабгорларга қулай шароитлар яратиш мақсадида, талабгорлардан таклифларни қабул қилиш муддати 2021 йил 1 июл куни Тошкент вақти билан соат 18:00га қадар узайтирилганини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.

Аввалроқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги президент фармонига мувофиқ хусусийлаштирилиши белгиланган 8 та давлат объектини оммавий савдога чиқарганди.

3 та давлат активи Тошкент вилоятида жойлашган бўлиб, улар йил давомида ишлайди ва тайёр бизнес шаклида инвесторларга таклиф этилмоқда. Улар:

  • «Белдерсой» дам олиш маскани. Ер майдони 46,1 гектар. Оромгоҳ 78 ўринга мўлжалланган меҳмонхона ва 16 та коттеждан иборат;
  • «Қизил сув спорт соғломлаштириш» МЧЖ. Ер майдони 5,9 гектар. 110 кишилик 8 та коттеж, конференц зал, мини футбол майдончаси, сузиш ҳавзалари бор;
  • «Сижжак» дам олиш маскани. Ер майдони 5,4 гектар. Ресторан, кинотеатр, қишки боғ, бар, сауна, спорт заллари, очиқ ва ёпиқ сув иншоотлари, коттежларни ўз ичига олади.

Маълумот учун, Бўстонлиқдаги «Сижжак» оромгоҳи биринчи президентнинг қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган, 2017 йил февралида суд ажрими билан мусодара қилинган эди. Кейинчалик бу маскан Триатлон федерациясига вақтинча текин фойдаланишга берилганди.

Мавзуга оид