Ўзбекистон | 21:06 / 05.06.2021
29149
4 дақиқада ўқилади

Навоий вилояти ҳокимлиги 369 млн сўмга Malibu сотиб олмоқда. Бу – қонунчиликка зид

Навоий вилояти ҳокимлиги 369 млн сўмга янги Malibu-2 автомобилини сотиб олмоқда. Янги автомобил ҳокимнинг янги ўринбосари учун мўлжалланган. Бироқ ҳукумат қарорига асосан, вилоят ҳокимларининг ўринбосарлари учун 367,5 млн сўмдан қиммат автомобил сотиб олиш мумкин эмас.

Фото: UzAuto Motors

Навоий вилояти ҳокимлиги 369 млн сўмга янги Malibu-2 автомобилини сотиб олмоқда. Тегишли маълумотлар давлат харидлари порталига жойланган.

Маълум бўлишича, ҳокимлик янги автомобил хариди борасида 2021 йил 18 май куни «Навоий Автотеххизмат» МЧЖ билан шартнома тузган. 3 июн куни бу шартнома шартларига ўзгартиш киритиш бўйича қўшимча келишув имзоланган.

Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Kun.uz сўровига жавобан маълум қилишича, 369 млн сўмлик машина янги жорий этилган вилоят ҳокими ўринбосари лавозими учун мўлжалланган.

Бироқ, апрел ойидаги ҳукумат қарорига асосан, вилоятлар ҳокимларининг ўринбосарлари учун сотиб олинадиган автомобилларнинг энг юқори нархи 1500 БҲМ деб белгиланган. Бу – ҳозирги вақтда 367,5 млн сўмни ташкил этади (1500х245000).

Давлат харидлари порталидаги маълумотга кўра, харид ҳақидаги шартномага мувофиқ ҳокимлик машина нархининг 100 фоизини июн ойида тўлаши керак. Бироқ ҳокимлик матбуот хизмати Kun.uz'га тақдим этган изоҳда Malibu-2 автомобили ҳали сотиб олинмаганини иддао қилди.

«Айни пайтда «Малибу» русумидаги автомашина харид қилинмаган, фақатгина тендер асосида сотиб олиш учун лот шакллантирилган.

Тендер танловига қўйилган автомашина «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистан Республикаси Қонунининг 21-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 апрелдаги «Туризм ва спорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-5054-сонли қарорига асосан, 2021 йилнинг 28 апрель куни Навоий вилояти ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари – туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган Мирзаев Саъдулло Мирзаевичга мўлжалланган», – дейилади Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати изоҳида.

Расмий билдиришда, шунингдек, апрел ойидаги ҳукумат қарорига биноан хизмат автомобиллари мансабдорларга шахсан бириктирилиши, қарор «талабларидан келиб чиққан ҳолда тендер лоти шакллантирилгани» айтилади.

Давлат харидлари порталидаги маълумотга кўра, Навоий вилояти ҳокимининг 3 июндаги фармойишига асосан, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 601,1 млн сўм маблағ вилоят ҳокимлигига хизмат автомашинаси сотиб олишга йўналтирилади. Бу 601,1 млн сўмнинг барчаси – давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушган маблағлардир.

Ҳокимнинг бу фармойишидан кўринишича, Президент Администрациясининг 2021 йил 12 майдаги 08-851-сонли хатига асосан, маданият ва санъат, маънавият ва маърифат, ижодий йўналишларда вилоятга ташрифи режалаштирилган ишчи гуруҳ аъзоларининг овқатланиши ва меҳмонхона харажатлари учун маҳаллий бюджетнинг захира жамғармасидан 150 млн сўм ажратилган.

Маълумот учун, «NAVOIYAVTOTTEXXIZMAT» МЧЖ 1995 йилда давлат рўйхатидан ўтган, асосий фаолият тури – автомобиллар чакана савдоси. Етказиб берувчининг устав фондидаги 52 фоиз улуш «Komron Progress Trading Navoiy» МЧЖга тегишли. Раҳбар – Бахтиёров Аброр Бахтиёрович.

Корхонанинг қолган улушлари «Sergeli Avtotexxizmat» МЧЖ (14,30 фоиз), «O‘zavtotexxizmat» МЧЖ (10,20 фоиз), Ниёз Ибодов (10,10 фоиз) ва номи ошкор қилинмаган жисмоний шахсларга (13,40) тегишли.

«Komron Progress Trading Navoiy» МЧЖ 2016 йилда ташкил этилган. Асосий фаолият тури – ғалла, уруғлар ва ҳайвонлар учун озуқаларнинг улгуржи савдоси. Устав фонди – 1,2 млрд сўм.

Корхонанинг 99,1 фоизига Умарова Салима Бахроновна, 0,9 фоизига Бойбекова Тўхта Адизова эгалик қилади. Корхона раҳбари – Зокиров Фурқат Эркин ўғли.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Навоий вилоятидаги 8 та туман ҳокимларига Malibu-2 автомобиллари тарқатилгани жамоатчилик эътирозига сабаб бўлганди.

  • Aввалроқ Олий таълим вазирлиги Малибу-2 сотиб олаётгани, Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги раҳбари ишни Малибу-2 хариди билан бошлагани хабар қилинганди.
  • 2020 йил давомида, пандемия бўлишига қарамай, кўплаб давлат амалдорлари қимматбаҳо автомашиналар сотиб олгани эътирозларга сабаб бўлганди.

Мавзуга оид