Муқимий номидаги театрга янги директор тайинланди
Александр Бекжонов Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори этиб тайинланди.
Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги вакиллари ва театр жамоаси иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов театр санъати олдидаги муҳим вазифалар, долзарб масалалар ва уларнинг ечимлари, келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида гапирди.
Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрига директор этиб Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Александр Бекжонов тайинланганлиги расман эълон қилинди.
Йиғилиш сўнгида куни кеча таваллуд кунини нишонлаган устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Наима Пўлатова ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турғун Бекназаров Маданият вазирлиги томонидан ташаккурномалар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
2016 йилдан Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори сифатида фаолият кўрсатиб келган Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов 15 апрел куни 58 ёшида вафот этди.