Ўзбекистон | 20:02 / 10.06.2021
45746
6 дақиқада ўқилади

Божхона қоидалари: Қанча миқдорда валюта олиб чиқиш ва олиб кириш мумкин?

Кўпчилик фуқаролар валютани олиб ўтишга доир маълумотга эга бўлмаганликлари сабабли божхона чегара постларидан ўтаётганда турли муаммоларга дуч келиб қолишлари бор гап. Айрим ҳолларда, жисмоний шахслар маблағларидан ажралиб қолиши ҳам мумкин.

Kun.uz «Божхона қоидалари» рукнининг навбатдаги сонида ушбу мавзуга алоқадор масалаларга ойдинлик киритади.

Давлат божхона қўмитаси бош инспектори Авазбек Исроилов жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани божхона чегараси орқали олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш тартиби ҳақида сўзлаб берди.

— Жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикасига чекланмаган миқдорда нақд хорижий валютани олиб киришлари мумкин. Бунда биргина шарт бор. Олиб кирилаётган нақд хорижий валютанинг жами суммаси 70 млн сўм эквивалентидан ошса, буни йўловчи божхона декларациясида кўрсатиши шарт.

Мабодо жисмоний шахс ёнидаги нақд хорижий валюта 70 млн сўм эквивалентидан кам бўлса, оғзаки декларациялаш орқали олиб ўтади. Йўловчи бу ҳолда «яшил йўлак»дан бемалол ҳаракатланади.

Шу ўринда йўловчиларнинг диққат қилиши керак бўлган жиҳат шуки, агарда жисмоний шахс 70 млн сўмдан кўп миқдорда нақд валютани олиб кираётган бўлса, унинг жами суммасини йўловчи божхона декларациясида қайд этиб, «қизил йўлак»дан ҳаракатланишлари лозим бўлади.

Мабодо, нақд хорижий валютаси 70 млн сўмдан кўп бўлгани ҳолда «яшил йўлак»дан ҳаракатланадиган бўлса, бу қонунбузилиш ҳисобланади. Бундай ҳолатда жами валюта қимматликлари расмийлаштирилиб, олиб қўйилади ва тегишлилигига кўра, маъмурий ёки жиноий иш материаллари юритилади. Нақд валюта қимматликларининг кейинги тақдири суд қарори билан ҳал этилади».

Демак, нақд хорижий валютани Ўзбекистонга олиб кириш тартиби тушунарли.

Хўш, бугунги кунда Ўзбекистондан қанча миқдорда нақд хорижий валютани олиб чиқиш мумкин ва бу жараён қандай тартибга солинган?

— Амалдаги қонунчилик меъёрларига мувофиқ, жисмоний шахслар божхона чегара постлари орқали ҳаракатланаётганда 100 млн сўм эквивалентидан кўп бўлмаган миқдорда нақд хорижий валютани олиб чиқишга рухсат этилади. Бунда эътибор бериладиган жиҳатлар бор.

70 млн сўмга тенг, яъни шу суммадан ошмаган нақд хорижий валюта бўлса, декларацияда кўрсатмасдан, оғзаки декларациялаш орқали «яшил йўлак»дан ҳаракатланган ҳолда олиб чиқишга рухсат берилади.

70 млн сўмдан 100 млн сўмгача эквивалентдаги нақд хорижий валюталарнинг жами йўловчи божхона декларациясида кўрсатилган ҳолда олиб чиқишга рухсат этилади. Бунда жисмоний шахс «қизил йўлак»дан ҳаракатланиши лозим бўлади.

Шунингдек, кўпчилик жисмоний шахсларда декларациялашга доир «70 млн сўмдан ортиқ суммадаги хорижий валютанинг ортиқча қисми декларацияда кўрсатиладими ёки жами миқдорими, деган савол пайдо бўлади.

Жисмоний шахс ўзи олиб чиқиб кетаётган нақд хорижий валютанинг жами миқдорини декларацияда кўрсатади, унинг 70 млн сўмдан ортиқ қисми қўшиб ҳисобланганда 100 млн сўмдан ошмаслигини божхона ходими ҳисоб-китоб қилади.

Давлат божхона қўмитаси бош инспектори Авазбек Исроилов

Қайси ҳолларда 100 млн сўм эквивалентидан кўп бўлган нақд хорижий валютани олиб чиқишга рухсат берилади?

— Учта ҳолатда 100 млн сўмдан кўп бўлган нақд хорижий валютани олиб чиқишга рухсат берилади:

  • норезидентларга, Ўзбекистонга кириб келишда тўлдирган божхона декларациясида кўрсатилган нақд хорижий валюта миқдорида (мисол учун, хорижий фуқаро Ўзбекистонга кириш чоғида 20 минг АҚШ долларини олиб кирган бўлса, бу ерда қанчадир маблағини сарфлагач, қолган қисми 100 млн сўмдан ортиқ бўлса-да, олиб чиқиб кета олади);
  • хорижий меҳнат сафарига кетаётган делегация аъзоларига ҳукумат фармойиши асосида;
  • норезидентларга, яъни Ўзбекистонда ташкил этилган халқаро танлов, олимпиадалар, спорт мусобақаларининг ғолиблари нақд хорижий валюта соврин эканини исботловчи ҳужжатни тақдим этган ҳолда.

Ўзбекистонлик меҳнат мигранти ватанга қайтишда 100 млн сўмдан кўп бўлган хорижий валютани, мисол учун 20 минг АҚШ доллари олиб кирди, хорижий давлатга кетишда ушбу маблағни олиб чиқиб кета оладими?

— 100 млн сўм эквивалентидан ортиқ нақд хорижий валютани олиб чиқишга рухсат фақатгина норезидентларга татбиқ этилади.

Резидентларга, яъни Ўзбекистон фуқароларига, (улар қанча миқдорда нақд хорижий валютани олиб кирганларидан қатъи назар – таҳр.) 100 млн сўмдан ошмаган миқдорда нақд хорижий валютани олиб чиқишга рухсат этилади.

ДБҚ бош инспектори Авазбек Исроилов хорижий давлатларга сафар қилувчи ёки сафар қилишни режалаштираётган ўзбекистонликларга ўз тавсияларини ҳам билдирди.

— Ўзбекистон фуқаролари томонидан божхона чегараси орқали нақд хорижий валюталарни олиб чиқиш жараёнида ўзларида мавжуд бўлган нақд валюталарнинг барчасини кўрсатишни тавсия қилиб қолардим. Сабаби, кўп қонунбузилиш ҳолатлари қонунчилик меъёр ва талабларини билмасликдан ҳам содир этилмоқда. Шунга кўра, 70 млн сўмдан ортиқ қийматдаги нақд хорижий валютани олиб чиқаётган ўзбекистонлик жисмоний шахслар декларацияни тўлдириб, декларациялаш талаб этиладиган қийматдаги, яъни 70 млн сўмдан ортиқ миқдордаги хорижий валютани олиб чиқаётганликлари сабабли «қизил йўлак»дан ҳаракатланишларини сўраб қолардик, – деди Авазбек Исроилов.

Мавзуга оид