Жаҳон | 11:20 / 14.06.2021
34821
5 дақиқада ўқилади

Германиянинг «Бухоро»сига саёҳат (фото)

Фото: UzbekLife

Яқинда рафиқам билан Италияга саёҳат қилганимиз ҳақида ёзган эдим. Италиядан кейинги манзилимиз Германия бўлди. Мамлакатга саёҳат учун борсангиз, Любек шаҳрига ҳам ташриф буюришни тавсия қиламан. Чунки шаҳарга амалга оширган саёҳатим менда катта таассурот қолдирди. Ҳар доимгидек UzbekLife учун шаҳардан фоторепортаж тайёрладим.

Германиянинг шимолида жойлашган ушбу шаҳарнинг марказий қисми UNESCO ташкилотининг Бутунжаҳон маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган.

Шаҳар маркази асосан XII—XIX асрларда қурилган тарихий бинолар билан қопланган. Тарихий биноларнинг аксарияти ҳозирга қадар сақланиб қолгани сабабли марказни кезар экансиз, ўзингизни ўрта асрларга тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Фақат бир жиҳати бор: шаҳар кўчалари тор, ундаги бинолар бир-бирига яқин бўлгани сабабли каттароқ иншоотларни тўлиқлигича суратга олиш бироз қийин бўлиши мумкин.

Эски шаҳардаги одатий зинасимон фасадли турар жой бинолари

Шаҳарга кириш

Ўрта асрларда шаҳар тўрт дарвозага эга бўлган, ҳозирда уларнинг иккитаси сақланиб қолган: Ҳолстентор дарвозаси (1464 йил) ва Бургтор дарвозаси (1444).

Ҳолстентор дарвозаси, сурат шаҳарнинг ички томонидан олинган

Готика услубида ғиштдан қурилган Ҳолстентор дарвозаси шаҳарнинг рамзи ҳисобланади. Дарвоза арк шаклида бўлиб, унинг икки ёнида айлана минора жойлашган. Дарвоза 1987 йилда Бутунжаҳон маданий мероси объектлари рўйхатига киритилган. 

Сувбўйи манзаралари

Эски шаҳар ёнидан ўтган Элба-Любек канали шаҳарга ўзгача кўрк бағишлайди. Канал бўйида жойлашган тарихий бинолар сувда аксланиб, ўзига хос кўриниш ҳосил қилади.

Элба-Любек канали бўйидаги иншоотлар; кўриниб турган учли баланд миноралар Любек соборига тегишли
Элба-Любек канали бўйидаги турар жой бинолари
Элба-Любек каналининг қарама-қарши қирғоғи ва Любекнинг эски шаҳар қисмини боғловчи кўприклардан бири 

Ҳозирга қадар сақланиб қолган энг қадимий ижтимоий муассаса

Эски шаҳарда ҳозирга қадар сақланиб қолган дунёдаги энг қадимий ижтимоий муассасалардан бири – Муқаддас руҳ госпитали мавжуд. Госпитал XIII асрда шаҳар савдогарлари томонидан беморлар, етимлар, кексалар ва камбағаллар учун бунёд этилган. Госпитал кичик кабиналардан иборат бўлиб, унда бошпана топганлар шу кабиналарга жойлаштирилган ва уларга роҳиблар ғамхўрлик қилган.

Муқаддас руҳ госпитали, олд томондан кўриниши

Госпиталга қабул қилинганлар кунига етти марта ибодат қилиш мажбуриятини зиммасига олган. Бунинг эвазига уларга бошпана, овқат ва XVII асрдан бошлаб йилига 8 марта илиқ ҳаммомда ювиниш имконияти тақдим қилинган. Госпиталга қабул қилинганларнинг охиргилари 1970 йилгача бинодаги кабиналарда истиқомат қилган. Ҳозирда бино тарихий иншоот сифатида сақланади. 

Любек – Германиянинг «Бухоро»cи

Любек шаҳрининг марказини Бухоро шаҳрининг эски шаҳар қисмига қиёсласа бўлади.

Биринчидан, мазкур эски шаҳарларнинг ҳар иккаласини ҳам пиёда айланиб чиқса бўлади. Бинолар, обидалар ва диққатга сазовор жойлар бир-бирига яқин жойлашган.  

Эски шаҳар кўчаларидан бири  

Иккинчидан, ҳар иккаласида ҳам ўрта асрлардан то XIX асргача бўлган даврдаги иншоотларнинг анчаси ҳозирга қадар сақланган.

Анъанавий зинасимон фасадли бинолардан бири  

Учинчидан, ҳар иккала эски шаҳар ҳам тўлиқ UNESCO ташкилотининг Бутунжаҳон маданий мероси объектлари рўйхатига киритилган.  

Эски шаҳардаги нисбатан янгироқ бинолар жойлашган кўчалардан бири
Зинасимон фасадли турар жой бинолари

Ҳайбатли ибодатхоналар

Любекнинг эски шаҳар қисмида 5та ибодатхона жойлашган: Любек собори, Авлиё Гилес ибодатхонаси, Авлиё Мери, Авлиё Петер ва Авлиё Якоб черковлари.

Шаҳардаги ибодатхоналар ниҳоятда баланд ва ҳайбатли экани билан ажралиб туради. Масалан, Любек соборидаги миноралар баландлиги қарийб 130 метрни ташкил қилади.

Ибодатхоналар шу қадар ҳайбатли экани, ўрта асрларга хос тор кўчалар сабабли уларни яқинроқдан тўлиқ суратга олиш имконсиз.  

Авлиё Петер черкови миноралари 
Авлиё Петер черкови, орқа тарафдан 
Авлиё Петер черкови минораларининг олдидан кўриниши 
Любек собори миноралари 

Мақсуд Саломов,

UzbekLife колумнисти

Мавзуга оид