Ўзбекистон | 09:58 / 15.06.2021
2606
2 дақиқада ўқилади

Бухорода инсон саломатлиги учун хавфли бўлган ёғни сотаётган шахс ушланди

Бухоро вилояти Когон шаҳрида инсон ҳаёти ва саломатлигига хавф солувчи истеъмолга яроқсиз ёғ маҳсулотини сотаётган шахс ушланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бухоро вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг навбатдаги тезкор тадбирида Когон шаҳар «Соҳибкор деҳқон бозори» МЧЖ автотураргоҳида шаҳарнинг Адолат маҳалласида яшовчи, 1968 йилда туғилган З.Ҳ. исмли шахс қўлга олинган. У ўзга бир шахсга қўлбола усулда чигитдан олинган ҳар бир литр ёғни 30 минг сўмдан сотишга келишиб, 120 литр ёғни 3 миллион 550 минг сўмга сотаётгани аниқланган.

Қайд этилишича, Санитария эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати хулосасига кўра З.Ҳ.дан тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган 120 литр жувоз ёғи инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф солувчи ҳамда истеъмолга яроқсиз бўлган. Хулосада ушбу ёғ маҳсулоти истеъмол қилинганда ошқозон ва жигар аъзоларига салбий таъсир этиб, ўткир ва сурункали заҳарланиш ҳолатларини келтириб чиқариши мумкинлиги кўрсатилган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан З.Ҳ.га нисбатан Жиноят кодексининг 186²-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид