Ўзбекистон | 07:51 / 17.06.2021
4508
2 дақиқада ўқилади

121 миллион сўмлик оёқ кийимлар тўхтатиб қолинди

121 миллион сўмлик оёқ кийимларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда. 

Маълум бўлишича, Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбирлар ўтказилган. Тадбир давомида “Лоғон — Марғилон” йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро О.Ж. бошқарувидаги “Дамас” русумли автотранспорт воситаси Фарғона шаҳри ҳудудида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган. Текширув жараёнида автомашина салонида хорижда ишлаб чиқарилган ва ҳужжатлари бўлмаган, қиймати 47 млн сўмлик 2 турдаги қишки оёқ кийим товарлари борлиги аниқланган.

Шунингдек, ходимлар томонидан “Лоғон-Қўқон” йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро Ғ.А. бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашина Фарғона шаҳри ҳудудида тўхтатилиб кўздан кечирилган. Текширув мобайнида автомашина салонида хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, қиймати 74,4 млн сўмлик 2 турдаги қишки оёқ кийимлари борлиги аниқланган.

Аввалроқ Фарғона шаҳрида 308 миллион сўмлик дори воситалари ноқонуний олиб кирилишининг олди олингани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид