Жаҳон | 08:48 / 17.06.2021
89273
3 дақиқада ўқилади

Эрдўған ва Байденнинг НАТО саммитидаги сурати можаро келтириб чиқарди

Фото: Reuters

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг америкалик ҳамкасби Жо Байден билан НАТО саммитидаги «омадсиз чиққан» сурати Ғарб ОАВ томонидан қўлланиши Туркияда можаро чиқишига сабаб бўлди.

Bianet нашрининг хабар беришича, аввалроқ France-Presse ва Reuters ахборот агентлиги эълон қилган ушбу суратда курсида ўтирган Эрдўған унинг ёнига келган Байден билан пандемия шароитида санитар-эпидемиологик протокол талаб қилгандек мушт уриб саломлашиш учун ўрнидан тураётгани акс этган. Ғарб ОАВлари бунда Эрдўған Байдендан фарқли ўлароқ, ниқобсиз бўлганига эътибор қаратган.  

Фото: Reuters

Бироқ Анқарада Ғарб матбуоти саҳифаларида Эрдўғаннинг ниқобсиз бўлгани қайд қилиниши эмас, балки у гўёки Байденга «таъзим қилиб», унинг муштини ўпмоқчи бўлаётгандек тасвирланган сурати чоп этилгани можароларга олиб келган.  

Туркия президенти маслаҳатчиларидан бири Исмоил Сесур Британиянинг Financial Times нашрини НАТО саммитида олинган Эрдўған ва Байденнинг ўнлаб бошқа умумий суратлари бўлса-да, ўзининг биринчи саҳифасида айнан ўша можароли суратни чоп этиб, Эрдўғанни камситишга уринмоқчи бўлганликда айблаган.

«Financial Times томонидан НАТОнинг ўнлаб бошқа суратлари ичидан ушбу суратни қўллагани Эрдўған ҳақида муайян тасаввур пайдо қилишга қаратилган. Ваҳоланки, Туркия етакчисининг НАТО саммитидаги ишининг ўзи унинг ўз курашини давом эттираётган майдонлар ва кўламлар қанчалик катталигини кўрсатади. Биз сизни доим қўллаб-қувватлаймиз, жаҳон етакчиси», деб ёзган Сесур.

Фото: Reuters

Ижтимоий тармоқларда ушбу сурат юзасидан билдирилган танқидий фикрлардан кейин Reuters сурат келтириб чиқарган тушунмовчиликдан афсус билдирган ҳамда ўша сурат Эрдўған Байденни қаршилаш учун ўрнидан тураётганда олинганини қўшимча қилган.

Икки давлат етакчисининг Брюсселдаги учрашуви АҚШ президенти Усмонийлар империясида ХХ аср бошида содир бўлган воқеаларни арманлар геноциди деб тан олгандан кейин бўлиб ўтди. Ўшанда Байденнинг баёнотидан кейин АҚШнинг Анқарадаги элчиси Туркия ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилиб, унга АҚШ президенти баёноти юзасидан норозилик билдирилган. Ўз навбатида, Эрдўған Байден бир аср аввал юз берган воқеалар юзасидан асоссиз ва ҳақиқатдан йироқ баёнот берганини айтган.

Мавзуга оид