Ўзбекистон | 15:50 / 17.06.2021
31966
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги илк қуёш электр станцияси — эксклюзив репортаж

292 мингта қуёш панели. 268 гектар ер майдони. 600дан ортиқ инвертер. 1000 км.дан ортиқ турли кабеллар. Бу – Ўзбекистондаги илк «Навоий Нур» қуёш электр станциясининг техник тавсифлари. 110 млн долларлик объект режа бўйича шу йилнинг 3-чорагида фойдаланишга топширилади.

Kun.uz мухбири лойиҳа устидаги ишлар қандай кетаётгани билан танишиш мақсадида Навоий вилоятида бўлди.

ҚЭС қурилишини тўлиқ Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar компанияси молиялаштирмоқда. Компания вакили Муҳаммад Ал-Муҳаррамий лойиҳа ҳақида сўзлаб берди.

«100 МВт.лик PVP қуёш панелларидан тикланаётган лойиҳамиз Навоий шаҳридан 35 км масофада, 268 гектар ер майдонида барпо этилмоқда. Қурилиш ишларига 500 дан ортиқ маҳаллий ишчилар жалб қилинган. Ҳозирча, бизга ажратилган майдоннинг 10 фоизидан ортиқроқ қисмига панелларни ўрнатиш якунланди», – дейди лойиҳа раҳбари.

Муҳаррамийнинг айтишича, Masdar компанияси фотоэлектр станцияси қурилишида илғор ишлаб чиқарувчиларнинг энг самарали панелларидан фойдаланмоқда. Single Access Tracking System деб аталувчи технология эса, қуёшнинг кундузги вақтдаги ҳаракатини таъқиб қилиш имконини беради. Бунда фотоэлектр панеллар ўрнатилган мосламалар қуёш ҳаракати бўйлаб ярим айлана шаклида ҳаракатланади.

«Қуёш фотоэлектр станцияси ишга тушгач, 25 йил мобайнида камида 20 нафар маҳаллий аҳоли вакили доимий иш ўрнига эга бўлади. Улар, асосан, панелларни тозалаш ва бошқа кундалик ишларни бажаради.

Лойиҳа 3 асосий қисмдан иборат бўлади. Биринчисида панеллар ўрнатилади. Юқори кучланишли мосламаларни ўзаро боғловчи қурилмалар иккинчи қисмни ташкил этади. Ишни назорат қилиш бўлими учинчи қисмга киради», – дея станция ҳудуди тақсимотига ойдинлик киритди Муҳаммад Ал-Муҳаррамий.

100 МВт электр энергияси ўртача 31 минг оиланинг электр энергиясига бўлган талабини қондира олади. Станцияда ишлаб чиқарилган электр энергия республиканинг барча ҳудудларини ўзаро боғловчи юқори кучланишли тармоқларга уланади.

Фотоэлектр станциясининг ишга туширилиши натижасида йилига 260 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади ҳамда 79 млн метр3 табиий газ иқтисод қилинишига эришилади.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz сайти 2021 йил апрел ойида Ўзбекистондаги биринчи энг йирик қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши бошланганига доир фоторепортаж эълон қилган эди.

2019 йил ноябрида Ўзбекистон ҳукумати Masdar компанияси билан «Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида»ги ва «Инвестицион келишув»ни имзолаган.

2018 йилда, шунингдек, Канаданинг SkyPower Global компанияси умумий қуввати 1000 МВт бўлган қуёш электр станцияси қуриш учун 1,3 млрд доллар инвестиция киритиши эълон қилинган, Самарқанд вилоятидаги қурилиш майдони инвесторга топширилган ҳам эди. Бироқ, кейинчалик, бу лойиҳа таннархи баландлиги боис тўхтатилди.

2016 йилда эса, Ўзбекистондаги биринчи йирик қуёш электростанциясини қуриш бўйича тендерни ютиб олган Хитойнинг «Zhuhai Singyes Green Building Technology» компаниясига эскирган технологиялар туфайли қурилиш бошлашга рухсат берилмаганди.

2013 йилда Самарқанд вилоятининг Нуробод ва Паст Дарғом, шунингдек, Каттақўрғон туманларида қуёш фотоэлектр станциялари қурилиши бўйича тендер эълон қилинди. Гоҳ Испания, гоҳ Франция компаниялари ушбу тендерларда ғолиб бўлгани айтилди. Бироқ, шу вақтгача бирорта компания Ўзбекистонда қуёш электр станциясини қуриш учун амалий чоралар кўрмаётган эди.

Мавзуга оид