Спорт | 12:28 / 19.06.2021
22643
10 дақиқада ўқилади

Бир давр якуни. Рамос «Реал» билан хайрлашди, унинг кейинги манзили қаер?

Буюк ҳимоячи ва буюк клубнинг йўллари айро тушди.

Испания Евро-2020 учун заявкасини эълон қилганида Пириней яриморолидаги дангаса одамларгина «Қизил фурия» сўнгги 15 йилликда илк бор йирик турнирга Серхио Рамоссиз йўл олаётганини муҳокама қилмади. Айтиш мумкинки, ҳатто ҳимоячи бўлса ҳам у шведларнинг автобусини бузиб ўтиш йўлини топган бўларди. Аммо, жароҳат туфайли уйда қолдирилган жаҳон чемпиони, Европа чемпионатининг икки карра ғолиби мухлислар эътиборини қитъа чемпионатидан ўзига қарата олди.

Рамос «Реал» билан хайрлашди, у билан «Қироллик клуби»дан бутун бир давр кетмоқда. Бунақа хайрлашув охирги марта Мадриддан Криштиану Роналду кетганида рўй берганди. Аммо ҳозир вазият бироз бошқачароқ — қаймоқранглилар аниқ энди аввалгидек бўлишмайди. Ҳатто Карим Бензема, Тони Кроос, Испания пойтахтида барибир яна бир йилга қолган Марселу ҳамда янги шартномага эга бўлган Лука Модрич билан ҳам.

Зинедин Зидан билан хайрлашув ҳам хотиржамроқ қабул қилинганди. Бу француз мутахассиси аввал «Реал»дан ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида кетгани, охирги кетиши ҳақида анча олдинроқ маълум қилгани билан боғлиқ. Қолаверса, биринчи марта жамоани бошқарганида Зизу ЕЧЛда уч бор ғолиб бўлган, иккинчи уринишда эса ишончни оқлай олмади. Ла лигадаги триумф етарли ҳисобланмади, аммо ўша титул — Рамоснинг сўнгги ғалаба қўшиғи бўлиб қолди.

Унинг соқолли юзи ва викингларники каби порлаб турадиган кўзлари «Реал»нинг сўнгги йиллардаги рамзига айланганди. «Сантьяго Бернабеу»га қайтиб, янги жамоага киришган Карло Анчелоттига унинг йўқлиги билинади. Италиялик мутахассис илк матбуот анжуманидаёқ Рамоснинг келажаги борасида гапирганди: «Мен «Реал»ни усиз тасаввур эта олмайман».

Бу янги шартнома бўйича келишувга эриша олмай келаётган Серхионинг ўзига ҳам, «Реал» президенти Флорентино Пересга ҳам аниқ сигнал эди. Бу биринчи ҳолат эмас, олти йил олдин ҳам Рамос «МЮ»га кетиб қолиш билан таҳдид қилган, якунда ўз маоши миқдорини 10 миллион еврога ошириб олган, бу исёни унинг ғолиблиги билан якунланган «Реал» унга Манчестердагилар ваъда қилаётганидан икки миллион кўпроқ таклиф қилишга мажбур бўлганди. Ўшанда Серхио фаолиятини Мадридда якунлашни исташини тан олганди, шу билан бирга бунинг шарти борлигини қўшимча қилганди: агар бунга президент қарши бўлмаса.

Рамос Перес юлдузлар билан қандай хайрлашганига гувоҳ. Ўтган сафарги шартнома муаммоси юзага келганида Икер Касильяс жамоадан қувилганига кўп бўлмаганди. Эҳтимол, сардорнинг тақдири жамоа 2019 йил мартида Чемпионлар лигасида «Аякс»дан шармандали мағлубиятга учраб (1:4), турнирни тарк этганидан кейин кийим алмаштириш хонасида Перес билан айтишиб қолганида ҳал бўлгандир. Ўйинни дисквалификация туфайли ўтказиб юборган Рамос футболчиларни танқид қилган президентга қарши чиққан ва Перес уни жамоадан ҳайдаш билан таҳдид қилганида шундай деганди: «Пулимни бер, кетаман. Мен бу эмблема, клуб ва ҳатто сен учун боримни бердим».

Томонлар кейин ярашиб кетишган, ундан кейин ҳам кичик зиддиятлар бўлиб турган, аммо синган тарелкани ямаб бўлмайди. Бундан ташқари, музокаралар давомида Рамос президентга «ПСЖ» унга Лионель Месси билан бир жамоада тўп суриш имкониятини тақдим этмоқчилиги ҳақида айтган.

Албатта, Рамоснинг бундай гапи Пересга ёқмасди. Қолаверса, Месси нафақат кўк-анорранглилар клубида, балки дунёнинг исталган клубида ўз шартларини қўйиш мумкин. Серхионинг мақоми эса бошқачароқ. Ҳатто бир неча ой олдин Рамосни ўғлидек ёқтиришини айтган бўлса-да, Перес барчага маълум қилди: бу сафар шартларни у қўяди.

«Шартноманинг узайтирилишими? Бу унинг ўзига боғлиқ эмас. Бу «Реал»даги вазиятга боғлиқ», — деди президент ва яна бир бор пандемия клубга катта иқтисодий зарба берганини эслатиб ўтди. Дастлаб камтар Модрич маоши камайтирилиши эвазига янги шартномага қўл қўйганди, ундан кейин Лукас Васкес ҳам шу каби шартга рози бўлди, 35 ёшли Рамосдан ҳам шуни кутишганди.

Зидан кетиши ортидан жамоада қайта қуриш бошланиши маълум бўлди. Ҳимоя марказига Давид Алаба олиб келинди, Варан ҳам кетмоқда.

Раҳбариятнинг ҳам ўз сабаблари бор. Айниқса Рамос жамоадошларини Килиан Мбаппе олиб келиниши учунгина маошлари қисқартирилишига рози бўлмасликка чақиришидан кейин юзага келган шов-шув туфайли. Бу гаплар қанчалик тўғрилиги аниқмас, қолаверса, Серхионинг шартнома эпопеяси ОАВда кўплаб ёлғон-яшиқ хабарларга сабаб бўлди.

Шу билан бирга, ҳэппи-энд бўлиши ҳам мумкин эди. AS нашри «Реал» маош миқдори 10 фоизга қисқартирилган ҳолда бир йиллик шартнома таклиф этгани ҳақида ёзди, ҳафта бошида Рамос Перес билан учрашди, афтидан, томонлар бир-бирига ён бераётгандек эди. AS нашри, Рамос икки йиллик шартнома ёки «1+1» схемасидаги шартнома истаганини ёзди.

Кейинги куни Marca нашри муҳаррири Хосе Феликс Диас дахлсиз футболчилар рўйхатида бўлган Рамос ўз уйига айланиб қолган «Реал»да ўйнашда давом этишга тайёр экани ҳақида ёзиб чиқди. Аммо барибир клуб ва сардорнинг йўллари айро тушди.

17 июнь июнь куни «Сантьяго Бернабеу»да унинг хайрлашув маросими ўтказилди ва сардор кўз ёшларини тия олмади: «Бу клубда мен билан бирга ишлаган барчага миннатдорчилик билдириб қоламан. Шу жумладан, клуб президенти ва ходимларга ҳам. Сизларга қараб ҳиссиётларимни жиловлай олмаяпман. Мухлисларга ҳам раҳмат. Барчаси бир умрга юрагимда қолади. Ҳаётимнинг ажойиб бир даври ниҳоясига етмоқда. Бунга ўхшаш давр менда бошқа бўлмайди. Шунга қарамай, ўзимнинг энг яхши ўйинларимни кўрсатиб, фаолиятимда яна бир қанча соврин ютмоқчиман. Ҳаммага катта раҳмат. Хайрлашмайман, шунчаки «кўришгунча» деб қоламан, чунки эртами ё кеч ҳали яна қайтаман».

Маросимдан сўнг, футболчининг ўзи вазиятга тўлиқ изоҳ берди. «Реал»ни тарк этишни ҳеч қачон истамаганман, ниятим фаолиятим охиригача шу клубда тўп суриш бўлган. Клуб менга маоши пасайтирилган бир йиллик келишув таклиф қилди. Мен эса ўзим ва оилам учун 2 йиллик шартнома сўрагандим.

Таклиф ҳали ўз кучида деб ўйлаб, [маоши камайтирилган бир йиллик шартномани] қабул қилмоқчи эдим, аммо менга энди кеч бўлганини айтишди. Кейин эса клубдан бошқа таклиф бўлмаслигини хабар қилишди. Флорентино Перес билан муносабатларимиз доим яхши бўлган – худди ота боладек. Аммо ҳар бир оилада ҳам қийин даврлар бўлиб туради. Шунга қарамай, бу ердаги 16 йиллик фаолиятимдан яхши хотиралар қолди», деди Рамос.

Серхио энди эркин — у катта маош таклиф эта оладиган катта клублардан бирига бориб қўшилади.

Мадрид клуби унинг кетишини эълон қилиши билан журналист Фабрицио Романо у ўзи 2004-2005 йилларда тўп сурган «Севилья»га қайтмаслиги аниқ эканини, у гранд клублардан бири билан музокара олиб бораётганини маълум қилди.

As манбаси маълумотига кўра, 35 ёшли футболчининг агентлари уни «ПСЖ»га таклиф этишган. «ПСЖ» – Рамос учун қатор омилларга кўра энг яхши вариант экани айтилди: жамоа бош мураббийи Маурисио Почеттино испанча гапиради, Париждан Мадридгача парвоз вақти бир соат атрофида, қолаверса, Франция чемпионати солиқлар томондан имтиёзли. Ўз навбатида, «ПСЖ»га Тиаго Силва кетганидан кейин ҳимоя марказида Кимпембега тажрибасиз Диалло ўрнига кучли футболчи кўмаги керак.

Сўнгги хабарларга кўра, Рамос янги клубда 2 мавсум учун 30 млн евро ҳамда эркин агент мақомида клубга ўтиш учун 20 млн евро миқдорида кўтарма пули сўрамоқда. El Chiringuito TV маълумотига кўра, у «Милан» билан музокара олиб бормоқда.

Бундан ташқари, ушбу тажрибали футболчи учун даъвогарлар қаторида Манчестер жамоалари ва «Ювентус»ни келтириш мумкин. Нима бўлганда ҳам, унинг трансфери шу ёздаги энг шов-шувли трансферлардан бири бўлади.

Мадридда эса 16 йиллик бахтли мавсумдан кейин уни соғиниб қолишлари тайин.

Мавзуга оид