Жаҳон | 08:20 / 20.06.2021
9298
3 дақиқада ўқилади

Британияликлар коронавирусга қарши янги дори топишди

Фармацевтлар, шифокорлар ва олимлар коронавируснинг оғир шакли билан касалланганлар учун янги дори топишди. Антитаначалардан иборат бу коктейль ҳаммани бўлмаса-да, кўпчиликнинг ҳаётини сақлаб қола олади.

Янги ва нархи анчагина қиммат бўлган бу восита лаборатория шароитида олинган икки турдаги антитаначалар аралашмасидан иборат бўлиб, томиростига юборилади ва вирусни зарарсизлантиришга ёрдам беради.

Британиянинг ковидга қарши восита изловчи Recovery trial дастури доирасидаги синовлар бу восита оғир аҳволда касалхонага ётқизилган беморларнинг ҳар учинчисига ёрдам берган.

Экспертларнинг ҳисоб-китобига кўра, бу восита ҳар юзинчи беморнинг олти нафарининг ҳаётини сақлаб қолади.

Моноклон антитаначалардан иборат дорини (бир ҳужайрадан клонланган) АҚШнинг Regenoron компанияси ишлаб чиқаради ва нархи 1400 доллардан 2800 долларгача бўлиши мумкин. Бу дори билан коронавирусга қарши курашаётган ва тананинг ўзи антитана ишлаб чиқара олмаганларнигина даволаш мумкин.

Британияда тегишли тажрибаларда бу дорини минглаб беморларга бериб кўришди ва у қуйидагиларни сезиларли даражада камайтиришини аниқлашди:

  • Ўлим хавфи;
  • Касалхонада бўлиш муддати;
  • Сунъий нафас олдириш аппаратига бўлган эҳтиёж.

«Менинг омадим чопди, бу синовлар ортда қолди, касалхонага тушиб, ушбу дорини олдим. Шунингдек, мен синовларда қатнашиб, дори фойда беришини аниқлашда нафим текканидан бахтиёрман», дейди 37 ёшли Кимберли Фезерстоун.

Синов раҳбарларидан бири, Оксфорд университети тиббиёт ва эпидемиология профессори сэр Мартин Лэндрининг айтишича, янги восита оғир аҳволдаги беморларнинг бешдан бирини ўлимдан олиб қолади.

«Биз вирусга қарши даволашда – бу ҳолатда шу антитаначаларни – қўллаб, даволаш имконияти қолмаган пациентлар учун ўлим хавфини учдан бирга қисқартиряпмиз», дейди профессор.

Дексаметозон билан қориштириш

Янги восита яллиғланишга қарши стероид дори – дексаметозон билан бирга қўлланди. Шифокорлар бироз аввал дексаметозон аҳволи оғир беморларнинг ковиддан ўлиш хавфини тахминан учдан бирга қисқартиришини аниқлашганди.

Синовларнинг яна бир раҳбари, Оксфорд университети профессори сэр Питер Ҳорнбининг айтишича, шифокор ва олимлар антитаналар билан даволашнинг самарадорлигига шу пайтгача шубҳа билан қарашарди: бошқа синовлар ижобий натижа бермаганди.

Масалан, беморларни уларнинг танасига коронавирус билан оғриган бошқа беморларнинг антитаналари бор плазмани юбориш муваффақиятсиз бўлиб чиқди.

Бироқ Recovery trial дастури доирасида синовлардан ўтган янги восита таркибида лабораторияда яратилган сунъий антитаналар кўпроқ ва улар коронавирусга ҳужайраларни шикастлаш имконини бермайди.

«Вирусга бундай аниқ ҳужум организми антитана ишлаб чиқара олмайдиган беморлар орасида ўлимни камайтиришини аниқлаш ажойиб», дейди Питер Ҳорнби.