Ўзбекистон | 15:06 / 21.06.2021
1337
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда «Таҳсин» ёшлар мукофоти тақдирлаш маросими бўлиб ўтади

28 июнь куни Тошкент шаҳрида, Aлишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри олд майдонида Ўзбекистоннинг истеъдодли ёшларини «Таҳсин» мукофоти билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

Комиссия илм-фан, спорт, халқаро алоқалар, маданият, инновация, тиббиёт ва бошқа соҳаларда мамлакат ривожига катта ҳисса қўшган республиканинг энг етакчи йигит-қизларини танлаб олади.

Шунингдек, ёшлар учун кўп ишларни амалга оширган, жумладан, ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб, ёшлар ҳаётини сақлаб қолганлар ҳам четда қолмайди.

Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил этилаётган тақдирлаш маросими дунёга машҳур – GQ, «Оскар», Forbes ва бошқа шу каби йирик тақдирлаш маросимлари форматида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Меҳмонлар ва номзодлар қизил йўлакча орқали юришади ва ғолиблар нутқ сўзлашади.

Спикерлар орасида ҳукумат вакиллари, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг юқори лавозимли расмийлари бўлади. Улар ёшларни қўллаб-қувватлашади, уларга оқ йўл тилашади ва амалга оширилган ишлар учун миннатдорчилик билдиришади.

«Бундан ташқари, ўзбек эстрадасининг сўнгги 20 йилликдаги юлдузларининг чиқишлари кутилмоқда. Улар тақдирлаш маросимига ташриф буюрганлар учун сюрприз тайёрламоқда, ҳозирча бу қандай сюрприз экани ошкор қилинмаяпти.

«Таҳсин» мукофоти ёрқин, замонавий ва унутилмас воқеага айланади. Эътиборга молик яна бир тарафи – маросим телевидение орқали жонли эфирда намойиш этилади», дейилади тадбир ташкилотчилари Kun.uz’га тақдим этган маълумотда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид