Ўзбекистон | 17:40 / 23.06.2021
2109
2 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳрида алимент тўлашдан бўйин товлаган 4 нафар ота қамалди

Улар фарзанди учун тўланиши керак бўлган алимент пулларини тўламасдан, катта миқдорда қарздорга айланган эди.

Мажбурий ижро бюросининг Андижон шаҳар бўлими томонидан алимент пулларини тўлаш тўғрисида бир неча маротоба огоҳлантириш берилганига қарамасдан, алимент пулларини тўлашдан бош тортиб келган, қарздор Н.У. икки нафар фарзанди учун 2021 йил 1 июнь кунига қадар жами 28 682 065 сўм алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаган. Шунингдек, қарздор М.Г. икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун 10 574 554 сўм алимент пулларини тўламасдан келган.

Бундан ташқари, қарздор С.К. ва Х.Х.лар ҳам вояга етмаган фарзандларига моддий таъминот тўлашлигини билсалар-да, алимент пулларини тўлашдан бош тортиб келганлар.

Шу сабабли, қарздорларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-4-моддасига асосан маъмурий жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судига юборилиб, суд жараёнида қарздорларнинг 4 тасига 15 сутка қамоқ жазоси тайинланди.

Аввалроқ, Избосканда алиментни вақтида тўламаган оталар жазоланган эди. 

Мавзуга оид