Иқтисодиёт | 08:30 / 23.06.2021
29071
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон «Газпром»га газ сотувчидан сотиб олувчига айланди

Ўзбекистон “Газпром”га газ сотувчидан сотиб олувчига айланди. Бу ҳақда Россия концерни еврооблигацияларининг чиқарилиши бўйича янги меморандум ҳамда тегишли ҳисоботда хабар берилган. Бу ҳақда “Интерфакс” маълум қилди.

Ўзбекистон 2018 йилда “Газпром”га 3,8 миллиард кубометр газ етказиб берди, 2019 йилда етказиб бериш ҳажмини 4,9 млрд кубометргача оширди, 2020 йилда эса уларни тўхтатди. 2021 йилнинг биринчи чорагида ўзбек гази Россия концернига етказиб берилмагани янги меморандумда тасдиқланган.

Бундан ташқари, 2020 йилда “Газпром” туркман газини Ўзбекистонга етказиб беришни бошлади: 2020 йилда 0,9 миллиард кубометр етказиб берилди. Меморандумга кўра, 2021 йилнинг биринчи чорагида 1,5 миллиард кубометр (2020 йилнинг шу даврида етказиб берилмаган) газ берилди. 

Шуниси эътиборлики, Ўзбекистон 2021 йилнинг биринчи чорагида “Газпром/Туркманистон”дан Хитойга экспорт қилиши мумкин бўлган газдан (0,54 миллиард кубометр) уч баравар кўпроқ сотиб олди. 

“Марказий Осиё мамлакатлари ҳозир жуда тез ривожланмоқда. Аввало, бу Ўзбекистонга тегишли. Ва биз бу мамлакатда истеъмолнинг катта ўсишини кўрмоқдамиз. Шунинг учун, албатта, газ сотиб олиш у ёки бу даражада камаяди, чунки давлат газни ўз эҳтиёжлари учун йўналтиради, агар гап Ўзбекистон ҳақида кетаётган бўлса...”, дея май ойида ўзбек гази билан боғлиқ вазиятга изоҳ берганди “Газпром” бошқарув раиси ўринбосари, “Газпром экспорт” МЧЖ бош директори Елена Бурмистрова. 

Мавзуга оид