Андижон шаҳар ҳокими устидан шикоят қилган депутат жиноят иши доирасида қамоққа олинди
Депутатлар тинтув қилиб киритилган сессияда депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилинган Шуҳратбек Каримовга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.
Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутати Шуҳратбек Каримов унга қарашли тадбиркорлик субъекти устидан очилган жиноят иши доирасида қамоққа олинди.
Kun.uz манбасига кўра, жиноят ишлари бўйича Избоскан туман суди шундай ажрим чиқарган. Депутат айни пайтда вилоят ИИБнинг 3-ҳибсхонасида сақланмоқда.
Бош прокуратурадан маълум қилишларича, Каримов Жиноят кодексининг 168- (фирибгарлик), 192-11 (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 228-моддалари (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан гумонланмоқда.
Шуҳратбек Каримов таъсисчилигидаги “Alliance road construction” МЧЖ Андижон шаҳар Бўстон даҳасида ўзбошимчалик билан 6 гектар ерни ноқонуний эгаллаб олиб, қурилиш бошлаганликда ва бу орқали “Ибтидо сервис транс” ҳамда уч нафар фуқаронинг ердан фойдаланиш ҳуқуқларини поймол қилишда гумон қилиняпти.
Каримов Андижон шаҳар кенгашининг 17 май кунги сессиясида шаҳар прокурорининг тақдимномасига асосан депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилинганди.
Бу сессияда депутатларга телефон ҳамда овоз ва видео ёзувчи бошқа мосламаларни олиб кириш тақиқланган, шу боис миллий гвардия ходимлари депутатларни тинтув қилган эди. Бу эса жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлганди.
Ўшанда Миллий гвардия матбуот хизмати берган изоҳда, тинтув қилиш топшириғини Андижон шаҳар ҳокими бергани, прокуратура ва ИИБ ходимлари тинтувга бош-қош бўлгани маълум қилинганди.
Депутат Шуҳратбек Каримов Kun.uz'га берган интервьюсида сессия “тўлиқ шаҳар ҳокимининг сценарийси остида ўтгани”ни айтганди.
Бундан аввалроқ, у киритган депутатлик сўровларидан сўнг шаҳар ҳокимининг ер ажратишга оид бир нечта қарорлари бекор қилинган.
Мавзуга оид
18:09 / 13.09.2024
Андижонда ўқувчиларни жазо сифатида ўтириб-турғазган ходимга чора кўрилди
14:38 / 12.09.2024
Андижонда дарсга кеч келган қизлар жазо сифатида ўтириб-турғазилди. Бу мумкин эмас
12:19 / 10.09.2024
Андижонда ҳомиладор аёлнинг вафоти бўйича прокуратура текширув ўтказади
16:06 / 09.09.2024