Ўзбекистон | 07:34 / 25.06.2021
3413
2 дақиқада ўқилади

Туркий давлатлар туризм вазирлари Қўқон шаҳрини саёҳат қилишди

Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Туркий Кенгаш туризм масалалари вазирларининг VI йиғилиши иштирокчилари музокаралардан сўнг, Жоме мажмуасида жойлашган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари Худоёрхон саройида бўлди. Бу ерда миллий урф-oдатлар акс этган миллий либослар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши аъзо мамлакатлари вакиллари Қўқон университетида ҳам бўлди. Ташриф давомида китоб мутолааси тарғиботига бағишланган, олти давлатнинг буюк адиблари номлари акс этган «Тафаккур гулшани» монументига асос солинди.

Ҳамкор давлатлар вакилларига эҳтиром рамзи сифатида университет ҳудудига туркий давлатлар байроқлари ўрнатилди ва меҳмонларга Қўқон тарихига бағишлаб ёзилган асарлар ва эсдалик совғалари тақдим этилди. 

Тадбир доирасида Қўқон университети талабалари учун Туркий тилли давлатларнинг манфаатли ва истиқболли ҳамкорлик алоқалари бўйича семинар-тренинглар бўлиб ўтди. Туркий вазирлар учун шаҳар бўйлаб велосайр уюштирилди.

Тадбир сўнгида меҳмонлар шарафига санъаткорлар иштирокида концерт дастури ўтказилди.

Мавзуга оид