Жамият | 17:04 / 27.06.2021
2804
3 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги ноқонуний қурилиш тўхтатилди, аммо айрим саволлар очиқ қолмоқда

Кеча, 26 июнь куни Самарқанд | Kun.uz Telegram-каналида Самарқанд шаҳри Сартепа массивида, кўп қаватли уйлар олдида, болалар майдончаси ўрнида қурилиш бошлангани ва бу шу атрофда яшаётган аҳоли норозилигига сабаб бўлаётгани ёритилганди. Шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати шу масалада муносабат билдириб, мазкур қурилиш ноқонуний бошлангани ва ҳозирда тўхтатилганини маълум қилди.

Муносабатда ёзилишича, президентнинг 2020 йил 18 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ 4602-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд шаҳар ҳокимлиги, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш шаҳар бўлими ва «CPEC STROY PLANET» МЧЖ  ўртасида битим имзоланган.

Мазкур битимга асосан, Самарқанд шаҳар «Хўжа Соат» МФЙ марказий биносини давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида қуриш учун шу маҳаллада жойлашган 118-сонли кўп қаватли уй ва 55-ўрта мактаб биноси оралиғида 200 метр квадрат ер майдонида қурилиш ишларини олиб бориш белгиланган.

Бироқ мазкур ҳудудда олиб борилган қурилиш ишлари Cамарқанд шаҳар масъул ходимлари томонидан бир ой илгари бориб ўрганилганда қурилиш ишларини бошлаш тўғрисида шаҳар ҳокимининг қарори ҳамда шаҳарсозлик ва лойиҳа ҳужжатлари мавжуд эмаслиги аниқланган. Шу сабабли 21 май куни шаҳар қурилиш бўлими томонидан ёзма кўрсатма орқали қурилиш ишларини тўхтатиш тўғрисидаги 148-сонли йўриқнома берилган ва қурилиш ишлари тўхтатилган. 

Қайд этилишича, айни пайтда қурилиш ишлари тўхтатилган. Қурилиш ишларини бошлаш учун қурувчи шаҳар ҳокимининг тегишли қарорини олиши керак. Қарорга асос сифатида «Ер танлаш далолатномаси» тегишлилиги бўйича корхона ҳамда ташкилотлар билан тўлиқ келишилгандан сўнг шаҳар қурилиш бўлимининг ижобий хулосаси асосида шаҳар ҳокимлиги қошидаги «Ер комиссияси»да қайта кўриб чиқилади.

P.S. Муносабатда баъзи саволлар очиқ қоляпти. Давлат-хусусий шерикчилик асосида маҳалла маркази қурилиши учун 200 метр квадрат ер майдони ажратилиши кўзда тутилган. Аммо ундан бир неча баробар катта ер майдонида котлован қазилган. Нега? Қолаверса, мурожаатчилар қурувчи бу ерда кўп қаватли уй қуришни режалаштираётгани ҳақида айтишди. Бу нечоғлик ҳақиқат?

Мавзуга оид