Жамият | 16:01 / 28.06.2021
23299
6 дақиқада ўқилади

Йўл таъмирлаш ишлари чала қолдириб кетилиши аварияларга сабаб бўлмоқда

Автомобил йўлларида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари охирига етказилмай қолиб кетиши, йўл-қурувчиларнинг зиммаларидаги мажбурият ва хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслиги ЙТҲларга сабаб бўлишда давом этмоқда. Ана шундай ҳодисалардан бири шу йилнинг 3 май куни Тошкент шаҳрида – Кичик ҳалқа йўлининг Минор масжиди рўпарасидан ўтган қисмида содир бўлган.

Йўл-транспорт ҳодисасига учраган машина ҳайдовчиси рўй берган вазиятни қуйидагича тасвирлайди.

«Ўша куни Ўрикзорда турадиган амакимникида ифторлик бўлганди. Савобини бувимларга бағишлаб ифторлик қилгандик, ўша ерда хизматда эдим. Ҳамма ишларни тугатиб, қайтаётганимда Минор масжидининг рўпарасига етганимда шу воқеа юз берди. Тўғриси, нима бўлганини тушунолмай қолдим. Тезлигим меъёрида эди. Ўзимга келиб йўл кавлаб қўйилгани, мен эса ўртада қолдириб кетилган 60-70 сантиметрча баландликдаги асфальт уюмига бориб урилганимни билдим.

Азиз Деҳқонов

Атроф қоронғи бўлгани учун, қолаверса, йўл таъмирланаётгани ҳақида ҳеч қандай огоҳлантирувчи белгилар бўлмагани учун машинани тўхтатиш ёки олиб қочишнинг имкони бўлмади. Шу пайт мен билан бир мактабда ўқиган болаларни кўриб қолдим, улар ўртоқларимга хабар беришди. Дўстларим ЙҲХБга, Тез ёрдамга қўнғироқ қилишди. Енгил “шок” ҳолатида бўлганим учун шифокорлар менга ёрдам кўрсатишди.

Ўзимга келганимдан сўнг маст ёки ҳушёрлигимни аниқлаш мақсадида тиббий экспертизага бориб келдик. У ерда спиртли ичимлик ичмаганим расман тасдиқланди. ЙҲХБ ходимлари ҳодисани расмийлаштиришди. Мендан ва гувоҳлардан кўрсатма олишди.

Эртаси куни машинанинг зарарини баҳолатишга олиб бордик. Машинанинг йили эскироқ бўлгани учун чиққан сумманинг 30 фоизи чегириб ташланди ва зарар миқдори 7,5 миллион сўмга баҳоланди. Бу баҳоловчи ташкилотнинг расмий хулосаси. Ўзим хусусий хизмат кўрсатувчи бошқа устага олиб бориб кўрсатдим. Унинг айтишича, машинанинг асосан таг қисмига анчагина зарар етибди, 13-14 миллион сўм атрофида харажатга тушибман», дейди Азиз Деҳқонов.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео муаллифи Акром Сайдиев Йўл-патрул хизмати ходимлари етиб келгунга қадар йўл таъмирланаётгани ҳақида ҳеч қандай огоҳлантирувчи белги қўйилмаганининг исботи сифатида ҳолатни телефонида видеога олганини таъкидлайди.

«2 майдан 3 майга ўтар кечаси соат 12:30ларда Азиз ўртоғим “авария”га учрагани ҳақида телефон қилишди. Тезда воқеа жойига етиб бориб, Азизнинг ҳолидан хабар олдим ва эртага таъмирлаш ишлари кетаётганидан огоҳлантирувчи йўл белгиси ўрнатилмаганини инкор этишмасин деб телефонимда вазиятни видеога олдим. Тасвирга олиб турганимда йўлни таъмирлаётган «Grand Road Tashkent» корхонаси ишчилари келиб йўл белгиларини ўрната бошлашди», дейди Акром Сайдиев.

Акром Сайдиев

ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси катта инспектори Иброҳим Аҳмедов Kun.uz’га экспертиза хулосаларига кўра ҳодиса рўй берган вақтда ҳайдовчи маст бўлмагани ва тезлиги ҳам меъёрида бўлганини маълум қилди. Унинг айтишича, йўл қурилишига масъул корхона вакиллари огоҳлантирувчи белгиларни қўйишмаганини тан олишган.

«Cobalt русумли автомобиль ҳайдовчиси йўлнинг таъмирланаётган қисмида қолдириб кетилган тахминан 50-70 сантиметрли асфальт уюмига бориб урилган. Бу ерда ҳайдовчининг айби йўқ, чунки кўриш имконияти кам бўлгани боис машинани тўхтата олмаган. Экспертиза хулосасида ҳам ҳайдовчининг машинани тўхтатиш имконияти бўлмагани тасдиқланди.

Ҳодиса содир бўлган куни йўлни таъмирлаётган корхона масъул ходими ўз тушунтириш хатида огоҳлантирувчи белгиларни қўйишга улгуришмаганини ёзиб беришди. Ҳайдовчи маст ҳолат бўлмаган. ЙТҲ натижасида автомобилга анчагина зарар етган.

Содир бўлган ЙТҲ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “Йўлларга, йўл иншоотларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст етказиш, уларни сақлаш қоидаларини бузиш” деб номланувчи 147-моддаси билан малакаланади. Ушбу модда доирасидаги ишлар ИИВ ЙҲХБ Маъмурий амалиёт бўлими томонидан кўриб чиқилади. Зарар фуқаролик тартибида йўл қурилишига жавобгар корхонадан ҳайдовчига ундириб берилади», дейди Иброҳим Аҳмедов.

25 июнь куни йўлсозларнинг масъулиятсизлиги Тошкент шаҳрининг Шаҳрисабз кўчасида яна бир йўл-транспорт ҳодисасига сабаб бўлган. Ҳодиса гувоҳларининг Kun.uz’га маълум қилишича, йўл ўртасида канализация қудуғи очиқ ҳолда қолдирилгани оқибатида 5та машина – Hyundai, Malibu-2, Matiz, Lacetti, Nexia-3 аварияга учраган. Ҳодиса натижаси жабрланганлар ҳам борлиги айтилмоқда.

Қилғиликни қилиб қўйиб, шунча талафотга сабаб бўлган йўлсозлар йўл-транспорт ҳодисасига сабаб бўлган канализация қудуғини таъмирлаб қўймоқчи бўлишган. Видеода ушбу ҳаракат ҳайдовчиларнинг кескин норозилигини келтириб чиқарганини кўриш мумкин.

«Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонуннинг 17-моддасига кўра автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар автомобиль йўлидаги носозликлар туфайли етказилган зарарни белгиланган тартибда ундириб олиш ҳуқуқига эга. Яна бир муҳим маълумот: автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар деганда нафақат ҳайдовчи, балки йўл ҳаракати иштирокчилари ёки ажратилган минтақа ҳамда йўл бўйи минтақаси доираларида белгиланган тартибда рухсат этилган фаолиятни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар тушунилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида автомобил йўлларининг таъмирлаш ишлари олиб борилаётган, бу ишлар охирига етказилмасдан қолиб кетган ҳамда таъмирланиши лозим бўлган жойларда 2019 ва 2020 йилнинг 8 ойи ичида 532та ЙТҲ содир бўлгани, ушбу авариялар оқибатида 191 киши вафот этгани ва 511 киши жароҳатлангани аниқлангани маълум қилинган эди. Ушбу масала Сенат томонидан ҳам танқидий муҳокама этилган бўлса-да, жойларда ҳамон сансалорликлар давом этаётгани айбдорларга нисбатан кескинроқ ва таъсирчанроқ чоралар кўриш кераклигини кўрсатмоқда.

Мавзуга оид