Коронавирус штаммлари. Қайсиси қанчалик хавфли?
2019 йил охирида Хитойда тарқалган вирус ўтган вақт мобайнида бутун дунёни ваҳимада ушлаб турибди. Жуда кўпчилик вирус қурбони бўлди, миллионлаб инсонлар касалликни жуда оғир ўтказишди. Одамзод бу касалликни озми-кўпми ўрганиб, вакцинага умид билдириб турганида коронавирус мутациялари таҳдидни яна ҳам кучайтирди.
Сарлавҳадаги саволга жавоб излашдан олдин нега замонавий технологиялар ва беқиёс тадқиқотлар даврида олимлар ҳануз бу вирусга қарши самарали дори воситаси ярата олишмаётганини таҳлил қилиб кўрайлик:
1. 16-18 ой – янги вирусни тўла ўрганиб олиш, унинг маълум қисмларига ҳалокатли таъсир қиладиган элементларни яратиш учун чиндан ҳам етарли эмас. Бу сабаб фанни хижолатли вазиятдан қутқариб турибди, деб айтиш мумкин.
2. Бу борадаги тадқиқотлар жуда қиммат, қайсидир олим ёки олимлар гуруҳи ўзича уни молиялаштира олмайди. Давлатлар бюджети эса олдиндан режалаштирилади. Молиявий томони ҳал бўлиши масаланинг ечимини англатмайди. Аксинча, дастлабки қадамлар қўйилишининг бир белгиси, холос.
3. ЖССТ мана шундай вазиятда жиловни қўлга олиши керак бўлган ташкилот сифатида қаралиши ўзини оқламади. Бу ташкилот тавсиялар бериш билан чекланиб қолгандек таассурот қолдирди.
4. Дунё олимлари ягона фронтга бирикишмади, инсониятни ожиз қолдирган вирусга қарши курашда ҳамжиҳатлик эмас, лидерликка интилиш кузатилди. Бу айниқса, вакцина тайёрлашда яққол намоён бўлди.
5. Вакцинацияга ҳаддан зиёд умид билдирилди. Ҳолбуки, бу касалликка қарши курашда бир услуб бўлиб, вируснинг ўзини ҳалок қилувчи кучли дорилар иккинчи даражага тушиб қолди.
Вируснинг штаммларига қайтамиз. Кўпчилик коронавируснинг бир нечтагина штамми бор, деб ўйлайди. Аслида улар жуда кўп, минглаб. Айни пайтда олимлар бир неча минг штаммни аниқлашга муваффақ бўлган. Яхшики, бу штаммларнинг ҳаммаси ҳам кенг тарқалмаган. Ана шулардан кенг тарқалганлари бир нечта.
Альфа
Дастлабки бир йил инсоният бу касалликни ҳеч қандай штаммсиз, ягона вирус сифатида билиб келди. Аммо 2020 йилнинг декабрида Альфа-штамм – SARS-CoV-2 расман қайд этилди ва ўрганила бошланди. Бу штамм дастлаб октябр ойида Буюк Британияда аниқлангани боис «британча штамм» номини олди. Ўлим кўрсаткичи бу штаммда нисбатан юқорилиги қайд этилди ва ваҳиманинг янги тўлқини бошланди. Ўзбекистонда бу штамм дастлаб 2021 йилнинг 23 январ куни БААдан Тошкентга оила аъзолари билан қайтган 10 ёшли қизда аниқланган.
Бета
Илк бор Жанубий Африкада аниқланган бу штамм SARS-CoV-2 Бета-штамм деб аталади. 2020 йилнинг 18 декабрида ЖАР соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аниқланган бу штаммнинг ўзига хослиги ёшларни ҳам бирваракайига зарарлаётгани билан жиддий эътиборга моликлиги эди. Айнан мана шу штамм коронавируснинг иккинчи тўлқини тўғрисидаги гап-сўзларга сабаб бўлган. Кейинчалик бундай «тўлқин»лар кўпайиб кетди.
Гамма
Расмий номи – SARS-CoV-2 Гамма-штамм. 2021 йилнинг 6 январида Токиода аниқланган бу штамм Бразилияга бориб келган 4 кишида кузатилган. Кейинчалик бу штамм дастлаб Амазонка тропик ўрмонларида кўпая бошлагани маълум бўлди.
Бразилия саломатлик вазирлиги бу штаммнинг анъанавий вирусдан уч карра хавфлилигини билдирди.
Дельта
Расмий номи – SARS-CoV-2 Дельта-штамм.
2020 йилнинг октябрида Ҳиндистонда аниқланган бу штамм 2021 йилга келиб бутун дунёга хавф солмоқда. Жорий йилнинг апрелидаёқ касаллик тез тарқалаётган ҳудудларда унинг улуши 60 фоиздан ортиб кетди. Сарлавҳадаги саволга ҳам айнан мана шу штамм жавоб бўла олади. Аммо бунинг бошқа жиддий сабаблари бор. Кўпчилик Ҳиндистонда шиддат билан тарқалган «Қора моғор»ни коронавируснинг бир штамми ёки мутацияси деб ўйлайди. Аслида бу касаллик азалдан бўлган ва замбуруғлар томонидан чақирилади.
Гигиена ўта паст, санитария ривожланмаган, иқлими ўзига хос бу давлатда «қора моғор» тарқалиши коронавирус пандемиясига қадар ҳам дунёнинг ўртача кўрсаткичидан 70 баробар юқори бўлган. Аммо коронавирус пандемияси «қора моғор»ни ҳақиқий ажал машинасига айлантирди. Коронавирусга чалинган, дорилар таъсирига тушиб қолган нимжон организмлар «қора моғор»нинг осон ўлжаси бўлишди ва минглаб одамлар қирилиб кета бошлади.
«Қора моғор»нинг бошқа давлатларда тарқалиш хавфи Ҳиндистон даражасида бўлмаслиги умид бағишлайди.
Аброр Зоҳидов