Жамият | 17:12 / 30.06.2021
11804
3 дақиқада ўқилади

Таҳсин – 2021. Ўзбекистоннинг энг фаол ёшлари тақдирланди

Kun.uz сайтининг икки ходими - Илёс Сафаров ва Жамшид Зиёхонов «Таҳсин» мукофоти ғолиблари сафида эътироф этилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ёшлар сиёсати устувор аҳамиятга молик мавзулардан бирига айланди. Ҳукумат томонидан билимли ва истеъдодли йигит-қизларни аниқлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, қобилиятларини юзага чиқариш бўйича бир қатор салмоқли ишлар амалга оширилди. «Ёшлар ойлиги» доирасида «Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик» шиори остида ўтказилган қатор тадбирлар шулар жумласидан.

Мазкур тадбирларнинг мантиқий давоми сифатида 28 июнь куни Алишер Навоий номидаги Давлат академик Катта театри олд майдонида мамлакатнинг энг илғор ёшларини «Таҳсин» ёшлар мукофоти билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси президенти администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти, ҳукумат аъзолари, дипломатик корпус вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этишди.

«Таҳсин» мукофоти 2019 йилда илм-фан, спорт, халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, маданият, инновациялар, тиббиёт каби йўналишларда Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшаётган, ўз соҳасида муваффақиятга эришган, етакчилик қобилиятига эга ижтимоий фаол, ижодкор ва ташаббускор ёшларни рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган. Ўтган йили коронавирус пандемиясига қарши кураш мақсадида мамлакатда жорий этилган карантин сабабли тадбир ташкил этилмади. Бу йилги «Таҳсин» ёшлар мукофотини топшириш маросими ёшлар учун чинакам эсда қоларли воқеага айланди.  

Ёш истеъдод соҳиблари, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш йўлида жасорат кўрсатган қаҳрамонлар, миллионлаб ёшларни эзгу ғоялар атрофида бирлаштираётган ташаббускор йигит-қизларни муносиб эътироф билан табриклаш мақсадида ўзбек эстрадасининг машҳур юлдузлари ўз репертуарларидаги ретро қўшиқларни кавер усулида ижро этишди.

Тадбирнинг ўзига хослиги шундаки, у хориждаги GQ, «Оскар», Forbes ва шу каби бошқа йирик мукофотларнинг энг яхши анъаналари форматида ташкил этилди. Ғолиб ва номинантлар қизил йўлакча бўйлаб юриб келишди, ғолибларга мукофотни қўлга киритгандаги таассуротлари билан ўртоқлашиш учун сўз берилди.

«Таҳсин – 2021» ёшлар мукофотининг турли йўналишларида қуйидаги ёшлар ғолиб деб топилди: Муҳаммадали Эшонқулов, Шаҳзод Баҳодиров, Нодирбек Абдусатторов, Сабина Тошкенбоева, Илёс Сафаров, Нигина Ўктамова, Миясар Даулетбаева, Жамшид Зиёхонов, Аҳрор бахши Хушвақтов, Жавлонбек Жовлиев, Саида Рашидова, Тилланисо Эшбоева, Саъдулла Қуронов, Ҳожиакбар Ибрагимов, Фарруҳ Муродов, Наргиза Куванова, Расул Жумаев, Фирдавс Собиров, Темурбек Адҳамов.

Шунингдек, Заковат, Эзгу амал, IMAN лойиҳаси, «Меҳр оролни қутқаради» лойиҳаси, Metsenat лойиҳаси, Келажак ёшлари, Меҳрли қўллар, «Меҳр» операцияси фильм трейлери, «Меҳр» операцияси, Хотира ролиги, АРМИ аёллар жамоаси ҳам мукофотга сазовор бўлди.

 

Мавзуга оид