Иқтисодиёт | 14:33 / 02.07.2021
25473
2 дақиқада ўқилади

Навоийдаги олтин кони 10 миллион долларга сотувга қўйилди

 2021 йил 1 июль куни OLX.uz'да Навоий вилоятидаги олтин кони сотувга чиқарилгани ҳақида эълон пайдо бўлди. Майдони 1 500 гектар деб кўрсатилган коннинг нархи 10 миллион АҚШ долларига баҳоланган.

Kun.uz эълон эгаси билан боғланиб, сотувга қўйилган кон ҳақида қизиқиб кўрди. 

“Навоий вилоятидаги ушбу олтин кони аукционда ютиб олинган. Агар сиз конни сотиб олмоқчи бўлсангиз, белгиланган нархдаги маблағни давлатга тўлайсиз. Кейин аукционда ғолиб бўлган фирмага таъсисчи сифатида кирасиз. Шундан кейингина конда иш бошланади”, — дея изоҳ берди эълон эгаси.

Аммо ушбу олтин конини бу тартибда сотувга қўйиш қонунчиликка тўғри келмайди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июндаги қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, стратегик турдаги фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этувчи лицензиялар фақатгина электрон савдолар натижалари ёки юридик шахсларнинг лицензия бериш ваколатига эга бўлган органлар билан тўғридан тўғри музокаралар олиб бориши орқали берилиши мумкин.

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун эса президентнинг 2018 йил 26 ноябрдаги “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ер қаъри участкалари, шу жумладан, ўлчамлари 5 гектаргача бўлган сочма олтин конларига тақдим этилади. Бунда битта талабгорга рухсатнома асосида берилган ер қаъри участкаларининг умумий майдони йил давомида 20 гектардан ошмаслиги лозим.

Мавзуга оид