Ўзбекистон | 11:58 / 02.07.2021
1354
1 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятидаги 62та мактаб филиалига янги бино қуриб берилади

Самарқанд вилоятидаги 62та мактаб филиалига янги бино қурилади. Бу ҳақда Халқ депутатлари вилоят кенгашида қарор қабул қилинган.

Фото: KUN.UZ

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабарига кўра, бугун халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг навбатдаги сессияси ўтказилмоқда. Сессия ишида бир қатор долзарб масалалар юзасидан муҳокамалар ўтказилган ва тегишли қарорлар қабул қилинган.

Жумладан, депутатлар Самарқанд вилоятдаги 62та мактаб филиали учун янги бино қуриб бериш ҳақидаги қарорни маъқуллаган. Филиаллар бинолари сендвич панеллардан қурилади. Депутатлар бу учун маҳаллий бюджетдан пул ажратиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, бугунги кунда вилоятда жами 184та мактаб филиали бор. Халқ депутатлари вилоят кенгаши қабул қилган қарорга кўра, улар орасида ҳашар йўли билан, қўлбола тарзда қурилган, шароити оғир мактаб филиалларига янги бинолар қуриб берилади.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид