Ўзбекистон | 09:58 / 03.07.2021
34825
9 дақиқада ўқилади

10 млрд сўм “бўйнига илинган” маҳкум адолат истамоқда. Калаванинг учи қаерда?

Бош прокуратуранинг назорат тартибидаги ўрганишларидан сўнг, тергов ва суд жараёнларида иш учун аҳамиятли бўлган кўплаб ҳолатлардан кўз юмилгани маълум бўлган. Ишни кўришда холислик тўла таъминланса, вазият бутунлай ўзгариши мумкин.

Айблов далиллар билан асослантирилмаган бўлиб чиқмоқда

Тергов ва суд органларининг ғайриқонуний қарор ҳамда ҳукмлари ортидан кўплаб инсонлар ноҳақ айбланиб, айбсиз айбдор бўлгани ҳолда жазо ўташга мажбур бўлгани ҳақида кўп эшитамиз. Сўнгги вақтларда жамоатчилик эътибори марказига тушган яна бир ҳолатда шахс ҳақиқатда содир этилмаган қилмиш учун жазога тортилган, тергов ва суднинг кўр-кўрона айбловлари ортидан узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлиши мумкин.

Тошкентлик Дмитрий Савильев автомобил мойлари импорти билан шуғулланувчи йирик компанияга директорлик қилиб келади. Корхона муассислари ўртасида келиб чиққан мулкий низолар ортидан у терговга тортилади.

Тошкент шаҳар прокуратураси Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан Дмитрий Савильев 2019 йилнинг декабридан 2020 йил 5 майига қадар компаниянинг 10 млрд 702 млн сўм миқдордаги мулкини (асосан автомобил мойи маҳсулоти) ўзлаштириб юборганликда айбланади ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 228-моддаси 2-қисми “а” банди ва 228-моддаси 3-қисми билан айблов хулосаси тузилади.

Эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган Савильевнинг иши ЖИБ Яккасарой туман судида кўриб чиқилади ва шу йил 5 февралдаги ҳукм билан у 6 йил-у 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этилади.

Апелляция шикояти ҳам фойда бермайди. Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция ҳайъатининг 6 майдаги ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилади.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, ҳукмдан норози Савильев ва унинг адвокатлари томонидан қайта ва қайта шикоят ёзилавергач, иш Бош прокуратура назоратига олинади ва тегишли бошқарма ходимлари томонидан назорат тартибида ўрганилади. Якунда Савильев ишида тергов органи ва суд томонидан қатор камчиликларга йўл қўйилгани аниқланади.

Жумладан, назорат тартибида ўрганиш даврида Савильевга нисбатан қўйилган айбловлар тегишли ҳужжатлар билан тўла асослантирилмаган, компания молиявий фаолияти устидан ўтказилган солиқ текширувларида жиддий хатоликларга йўл қўйилган, деган хулосага келинган.

Солиқ текширувларида Савильевнинг электрон имзоси билан ўзлаштирилган деб хулоса қилинган, сони бир нечта ва қиймати бир неча миллиард сўмлик ҳисоб-фактуралар аслида компаниянинг амалдаги директори томонидан Савильев бу лавозимдан озод этилганидан кейин имзоланганига эътибор қаратилмаган.

Судланувчи Савильев ўз сўроқларида у директор бўлиб ишлаган вақтда “Grand Ravon oil” МЧЖнинг республика бўйлаб турли манзилларда ижарага олинган 4 та омборхонаси бўлганини айтган. Аммо, номаълум сабабларга кўра тергов ва судларда ўзлаштирилгани айтилган маҳсулотлар айнан қачон ва қайси омборлардан олиб чиқиб кетилганига ойдинлик киритмаган. Бу ҳолатда солиқ текширувчилари маълумотларни айнан Савильевнинг жавобгарликка тортилишидан манфаатдор бўлган “Grand Ravon oil” вакилларидан олгани ишнинг холис кўрилишига Бош прокуратурада шубҳа уйғотган.

Бундан ташқари, Савильевнинг “Grand Ravon oil” директорлигидан озод этилганидан сўнг, 2020 йил 1 июн куни 2,7 млрд сўмлик товар моддий бойликлари фирманинг янги раҳбари имзоси билан бошқа фирма ҳисобига чиқарилгани факти ҳам солиқ текширувларининг тўғри хулоса қилганига шубҳа уйғотган.

Тергов ва ҳар иккала суд инстанцияси Савильевни айблаш учун “Grand Ravon oil” МЧЖда ўтказилган солиқ текширувида 10,7 млрд сўмлик товар-моддий бойликлари камомади аниқлангани ҳақидаги хулосасида келтирилган ҳолатларни инобатга олган. Аммо, жиноят иши доирасида сўроқ қилинган ­­­– шу компаниянинг омборлари учун моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаган 5 нафар ходимларнинг кўрсатмаларида товар-моддий бойликларни Савильев ўзининг шахсий мақсадлари йўлида ўзлаштириб юборганлигини исботловчи конкрет фактлар келтирилмаган.

Бундан ташқари, дастлабки тергов ва судда товар-моддий бойликлари (автомобил мойлари) Савильев томонидан қандай йўл билан ўзлаштирилгани, яъни қандай транспорт воситасида, қайси омбордан қачон олиб кетилгани ва кимга бериб юборилгани каби ҳолатларга аниқлик киритилмаган.

Шу каби ҳолатларни инобатга олиб, Бош прокуратура суд ажримини бекор қилиш ҳамда ишни янгитдан кўриш керак деб ҳисоблаб, Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясига протест киритди.

Калаванинг бир нечта учи борга ўхшайди

Бош прокуратуранинг аниқлашича, тергов даврида “Factor Auto Oil” МЧЖ таъсисчиларидан бири И.Сиддиқовга қарши кўрсатмалар берилган. Масала шу нуқтага етганда калаванинг учи бир нечта экани ойдинлашгандай бўлади.

Маълум бўлишича, И.Сиддиқов устидан Савильев ва унинг турмуш ўртоғи ИИВга шикоят киритиб, унга тегишли бўлган фирмага улуш киритишда алдов ишлатилгани, шу йўл билан Сиддиқов фирмани ўзга шахсларнинг номига ўтказиб юборганини маълум қилган.

Мазкур ариза бунга қадар ИИВнинг Тергов департаменти иш юритувида бўлган жиноят иши материалларига қўшилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилади. Терговда И.Сиддиқов ва А.Абдуғаффоровларга нисбатан бошқа бир фирма балансида бўлган жуда кўп миқдордаги мол-мулкини (катта эҳтимол билан устав фондидаги улушларни) фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари ҳолати бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилади. Шундан сўнг И.Сиддиқов ва А.Абдуғаффоровлар жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилади (тергов ҳаракатлари давом этмоқда).

Савильевнинг яқинлари ва адвокатлари унга нисбатан қўйилган айбловларнинг барчаси уюштирилганини, айнан Сиддиқов ва бошқалар унинг мол-мулкларига эга чиқиш учун ўйлаб топилган тузоққа илиниб қолганини, Бош прокуратуранинг протест киритишига сабаб бўлган жиноят иши эса қўшимча терговга юборилиб, Сиддиқов ва бошқаларга оид жиноят иши билан биргаликда қайта кўриб чиқилиши кераклигини таъкидламоқдалар.

Ҳуқуқ ҳимоячиси ҳам хавотирда

Савильев устидан суд жараёнларини кузатиб борган ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов жуда қисқа вақт ичида бу қадар йирик миқдордаги маҳсулотларни фақат бир киши (Савильев) ўзлаштириб юбориши жисмоний жиҳатдан амалда имконсиз эканига эътибор қаратди.

“Ишдан бўшатилган Савельев гўё 10,7 миллиард сўмлик мойларни ўта қисқа муддатларда талон-тарож қилганини ҳисоблаб чиқдим. Салкам 11 миллард сўмлик автомобиль мойлари ўртача 60 тонналик цистерналарга жойласангиз, 11 вагон бўларкан. Мойларни фураларга бўшатсангиз, 33 та каттагина автоколонна ташкил қилса бўлади. Демак, замонамизнинг ҳали ҳеч ким билмайдиган супермени Дмитрий Савельев карантин даврида ҳеч бир шериксиз ўнлаб қўриқчиларни доғда қолдириб, тун-у кун ишлаб турадиган камераларнинг назарига тушмай, шунча мойни иштонининг липпасига қистириб олиб чиқиб кета олган. Қойил!..” дея кинояли фикр билдиради “Эзгулик” жамияти раиси.

Тасодифми ёки...?

Ёдингизда бўлса, Kun.uz аввалроқ биринчи ўзбек космонавти Солижон Шарипов таъсисчилигидаги компания атрофида содир бўлаётган воқеалар ҳақида ёзган эди.

Унда ўзбекистонлик тадбиркор аёл Одинахон Ғофуржонова ўзига тегишли «Megatek Avto» МЧЖнинг улушлари ноқонуний йўллар билан Россия фуқароларига ўтиб кетганини айтганди.

Буни қарангки, юқорида айтганимиз – И.Сиддиқовга нисбатан олиб борилаётган жиноят иши тергови Одинахон Ғофуржонованинг шикоятига асосан қўзғатилган жиноят иши билан битта бўлиб чиқди.

Эътиборлиси шундаки, Савельев, Сиддиқов ва Ғофуржоновалар учбурчаги фазогир Солижон Шарипов таъсисчилик қиладиган компанияларда кесишади.

Интернетдаги очиқ манбаларга кўра, Солижон Шарипов – Савельев 10,7 млрд сўмини ўзлаштирганликда айбланган “Grand Ravon oil” МЧЖда 20%, Савильев ўзини шу куйга тушишига сабабчи деб ҳисоблаётган Сиддиқов иштирокидаги “Factor Auto Oil” МЧЖда 15% ва Одинахон Ғофуржонова ўзига қайтариб олиш учун курашаётган «Megatek Avto» МЧЖда 20% улушга эга.

Таъкидлаш жоиз, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонунга кўра, МЧЖ иштирокчилари унинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайдилар ва жамият фаолияти билан боғлиқ зарарлар учун ўзлари қўшган ҳиссалар қиймати доирасида жавобгар бўладилар.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид