Жамият | 22:15 / 03.07.2021
1639
2 дақиқада ўқилади

Чинозда ғалладан бўшаган майдони ёниб кетган фермерга чора кўрилди

Фото: Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Чиноз туманида ғалладан бўшаган ер майдонлари ёқиб юборилгани ҳақида видеолавҳа тарқатилди. Ҳолат юзасидан Давлат экология қўмитаси муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Тошкент вилояти Чиноз тумани Оxунбобоев ҳудудидаги М-39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобиль йўли ёқасида жойлашган «Агрокимё» фермер хўжалиги ҳудудига қарашли ғалладан бўшаган 2 гектар дала майдонидаги сомон поялари ёқиб юборилган.

Сомонларнинг ёниши жараёнида атмосферага чиқарилган зарарли моддалар бўйича табиатга етказилган зарарнинг умумий миқдори 3,6 миллион сўмни ташкил этган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан фермер хўжалиги раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси 3-қисмига асосан БҲМнинг 5 баробари (1 миллион 225 минг сўм) миқдорида маъмурий иш қўзғатилган.

«Фурсатдан фойдаланиб, барча фермер хўжаликлари раҳбарларини ҳосили ўриб олинган дала майдонларидаги ўсимлик қолдиқларини ёқиш бўйича қонунчиликда қатъий чоралар белгиланганлиги ҳақида огоҳлантирамиз!» дейилади муносабатда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид