Ўзбекистон | 17:17 / 03.07.2021
28602
2 дақиқада ўқилади

Ихтисослаштирилган мактабларга қабул квоталари маълум қилинди

2021/22 ўқув йили учун Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тизимидаги 3та ихтисослаштирилган мактабга қабул квоталари белгиланди. Бунда Aл-Хоразмий мактабининг 5- ва 10-синфларига, Мирзо Улуғбек ва Aбу Aли ибн Сино мактабларининг 7- ва 8-синфларига қабул бўлади.

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигининг Иқтидорли ёшларни танлаб олиш шуъбаси раҳбари ва қабул комиссияси раҳбари ўринбосари Шерзод Худойқулов ихтисослаштирилган мактабларга ажратилган қабул квоталари ҳақида маълумот берди.

“Муҳаммад Aл-Хоразмий номидаги ахборот коммуникация ва технологияларига ихтисослаштирилган мактабнинг 5-синфлари учун 120та ва 10-синфлари учун 144та квота ажратилган.

Мирзо Улуғбек номидаги физика математика, астрономия ва информатикага ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 7-синфига 40 нафар ва 8-синфига ҳам 40 нафар квота белгиланган.

Aбу Aли ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 7-синфига жами 120 нафар, бунда 80 нафар ўзбек ва 40 нафар рус синфларига ва 8-синфига ҳам худди шундай жами 120 нафар, бунда 80 нафар ўзбек ва 40 нафар рус синфларига қабул квотаси ажратилган”, – дея Худойқуловнинг 3 июл кунги матбуот анжуманидаги сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Агентлик тизимидаги 3та ихтисослаштирилган мактабга ҳужжатлар қабули 1-20 июл кунлари бўлиб ўтади.

Бунда, ота-оналардан ariza.piima.uz сайти орқали ўқувчининг 3х4 расми, гувоҳномаси ва 2020/21 ўқув йилида якунлаган синфи бўйича тасдиқланган баҳолар табелини топширишлари талаб этилади.

Мавзуга оид