Ўзбекистон | 15:02 / 03.07.2021
14969
4 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистондаги ягона ҳайвонот боғи ёпилиб кетиш арафасида

Ижтимоий тармоқда Нукусдаги хусусий ҳайвонот боғида айиқ сувсиз қолдирилиб, таҳқирлангани акс этган видеолар тарқалди. 

Kun.uz мухбири вазиятни ўрганиш учун Нукусдаги ҳайвонот боғига борди.

Боғга карантин бошлангандан бери одам кирмай қўйган. Боғнинг чеккасидаги жойда айиқ сақланадиган қафас жойлашган экан. Биз ичкарига кириб, ҳолат аслида қандай бўлганлиги ҳақида ҳайвонот боғи эгаси Ислом Қурбониёзовдан сўрадик.

Унинг айтишича, ҳайвонот боғи Ковид-19 пандемияси туфайли бир ярим йилдан бери ишламаяпти. 

«Айиқ ҳеч қачон сувсиз қолдирилмаган. Мунтазам қараб борамиз. Ҳар кунлик овқатлари бериб борилади. Видеоларда бу бошқачароқ кўринган. Иссиқда айиққа сув берсак шундай ташланади. У юнгли ҳайвон. Тушунинг, Нукусда ёз жуда иссиқ. Қишда эса изғирин», - дея вазиятни бизга тушунтирган бўлди ҳайвонот боғининг эгаси.

Ҳайвонот боғи 2017 йилда очилган. Зоопарк хусусий бўлиб, кириш болалар учун 3 минг сўм. Катталар учун эса 5 минг сўм қилиб белгиланган. 

Ҳайвонот боғи карантин сабаб ёпилишидан олдин унда 50га яқин ҳайвон тури бор эди. Ҳозирга келиб 17 хил ҳайвон қолган.

«Карантинда жуда қийналдик. Зотдор эчки, қуён ва шунга ўхшаш ҳайвонларни айиқ, шер ва бўриларга ем қилишга мажбур бўлдик. 150 бошга яқин зотдор эчкиларим бор эди. Ҳозир кўриб турганингиздек, 10 тача қолган. 100дан зиёд наслдор қуёнларим бор эди. Ҳозир эса 10 тачаям чиқмайди. Бир ярим йил ҳеч қандай киримсиз бу ҳайвонларни боқишнинг ўзи бўлмади. Ҳозир ҳам қийин. 

Кеча Экоқўмдан ҳам келиб кетишди. Тўғри камчиликларимиз бор, тан оламан.

Карантинда шу жонворларнинг овқати учун кўчага машинада чиқишим керак эди. Қорақалпоғистондаги ҳеч бир ташкилот битта стикер муаммосини ҳал қилиб бера олмади. Бормаган ташкилотим қолмади, ўшанда. 

Кейин мажбур эчки, қуёнларни гўштхўрларга бердик. Улар тез кўпайиб ўрни тўлади, аммо айиқ ва шерларимни йўқотсам кейин топиш қийин. Аҳвол шундай қолаверса бутунлай ёпилиб кетишимиз ҳам мумкин», - деди Ислом Қурбониёзов.

Шу куни ҳайвонот боғида таъмирлаш ишлари бошланганига гувоҳ бўлдик. У ердаги жонворлар учун қўшимча алоҳида шароит қилинмоқда. Канализация тизими уланиб, ҳайвонлар ёзда салқинда, қишда иссиқ туриши учун жиҳозлар ўрнатилмоқда. 

Боғда бир неча қуш турлари, битта айиқ, 4 та шер, 2 та бўри, тулки, турли хил ўтхўр ва бошқа ҳайвонларни учратиш мумкин. 

У Қорақалпоғистондаги ягона ҳайвонот боғи ҳисобланади.

Қорақалпоғистон Экология қўмитаси айиқ видеосидан сўнг ҳолатни ўрганиб хулоса берди.
«Қуш ва ҳайвонларнинг сақланиш шароитларида камчиликлар борлиги аниқланиб, ушбу камчиликларни зудлик билан бартараф этиш тўғрисида кўрсатмалар берилди. Ўрганиш давомида ҳайвонот боғи раҳбари
мутахассислар томонидан кўрсатиб ўтилган камчиликларни белгиланган муддатда бартараф этиш бўйича огоҳлантирилди», дейилади хулосада. 

Маълум қилинишича, Қорақалпоғистон Экология қўмитаси томонидан ноқонуний равишда овланган ва ашёвий далил сифатида олинган ҳайвонлар ҳамда қушлар беғараз ёрдам сифатида Нукус шаҳридаги ҳайвонот боғига топширилмоқда.

Мавзуга оид